Мақолалар

Намознинг ҳикматлари

Намоз Ислом дини рукни ва устунларидан бири. Ибодат ҳамда тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликлардан қайтарувчидир. У калимаи шаходатдан кейинги энг улуғ фарздир. Намоз банданинг Аллоҳ ила мулоқоти, меърожидир. Унда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножат қилади.  

Абу Хурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирортангизнинг уйи олдидан анҳор оқиб ўтса, ва у ундан ҳар куни беш марта ювинса, уни танасидан бирор бир кир қоладими?” дедилар. Саҳобалар: “Ундан бирор бир нарса қолмайди”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мана шу беш вақт намознинг мисолидир”. Аллоҳ таоло у сабабли унинг гуноҳларини ўчиради” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 Намоз бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради, имонини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина умидвор бўлишга ўргатади. Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётдаги маъсулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади. Намоз гўзал хулқли бўлишга, барча ишларни тартибли бажаришга, вақтни тежашга ўргатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут сураси, 45-оят).

Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг аввалги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса ҳам, тунларни намоз билан бедор ўтказар эдилар, ҳатто товонлари шишиб кетарди. Буни кўрган саҳобалар: “Аллоҳ сизнинг ҳамма гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингизни қийнайсизми?” дейишганда, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шукр қилувчи бандалардан бўлмайинми?” дея жавоб берганлар (Имом Насоий, Имом Термизий ривояти).

Набий (алайҳиссалом) кенгчилик вақтидаги каби мусибат, қийинчиликда ҳам кўп намоз ўқирдилар. Хузайфа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га бирор иш ташвиш келтирса намозга мурожаат қилар эдилар”.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар қаттиқ шамол бўлса, то шамол тўхтагунча масжидга шошардилар”, (Имом Абу Дунё, Имом Ибн Асокир ривояти).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) йўлда кетаётганларида ўғиллари вафот этгани ҳақидаги ҳабар етди. Шунда маркабларидан тушиб, икки ракат намоз ўқидилар-да, сўнгра “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун”, дедилар. Ва Аллоҳ буюрганидек қилдик, деб: «(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғир ишдир. Илло, итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас» (Бақара сураси, 45-оят) оятини тиловат қилдилар.

Қалбнинг ҳотиржамлиги, дилнинг роҳатланиши намоз берган самараларнинг энг олийсидир. Муҳими банда агар холис бўлса, ана шу самарадан бебаҳра қолмайди.

“Фазоилул аъмол” асари асосида

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

тайёрлади

 

 

Read 5904 times
Tagged under

Мақолалар

Top