Мақолалар

Улар қаёқда-ю, биз қаёқда?!

Қуръони карим бўйича дунё мусобақаларидан бирида собиқ совет иттифоқи таркибидаги давлатлардан биридан келган ўн икки яшар кичкина бола ғалаба қозонди. Унинг пухталиги ҳайратланарли даражада эди. Қуръони каримни қандай қилиб бу даражада пухта ёд олдингиз, буни қандай уддаладингиз, деб сўрашганда, у: “Буни менинг отам қилди”, деб жавоб берибди.

- Отангизга ким ўргатган, унга ким Қуръон ёдлатган?

- Бобом.

Ҳамма бундан ажабланиб, боладан яна сўрашибди: – Намоз ўқиган одамни кўрса қатағон қилган Собиқ совет иттифоқи босими остида бўла туриб, бобонгиз қандай қилиб отангизга таълим берган?

- Бобом отамни гўдаклик пайти эшакка мингаштириб олиб юрарканлар, қишлоқ ташқарисидаги узоқ жойларга ҳам бирга олиб кетарканлар. Кейин отамнинг кўзига боғич боғлаб, тоғдаги бир ғорга олиб борарканлар. Ғорга киргач боғични отамнинг кўзидан олиб, Қуръон суралари тушурилган варақларни оларканлар ва муяссар бўлганча отамга ёдлатарканлар. Сўнг яна кўзларини боғлаб, уйга қайтарканлар. Шу тариқа отам Қуръонни ёд олган эканлар.

- Нима учун бобонгиз отангизнинг кўзини боғлар экан?

- Коммунистик режим мободо унинг ўғлига келиб, қийноққа солса, оғриққа чидолмай махфий Қуръон ёдлатиш мадрасасини ошкор қилиб қўймасин, деб қўрқиб шундай қилган эканлар.

Улар қаёқда-ю, биз қаёқда?!

Бундай хабардан кейин шаҳри бўйлаб юздан ортиқ Қуръон ёдлатиш ҳалқалари бўла туриб битта ҳам сура ёдламаган, Робби олдига қандай боришни ўйламаган одамдан ажабланасан киши!

Фарзандингизни Қуръон ўқишга одатлантиринг, Қуръон ёлғизлигида унинг ҳамроҳи бўлади. Унга шаҳват ва шубҳалар билан тўлиб-тошган ҳаётнинг кўчаларини ёритиб туради.

Қуръон дунёда унга иштиёқманд бўлган соҳибини шафоат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуръон қиёмат куни келиб айтади: “Ё Роббим, унга қўйиб бер, каромат тожини кийсин”. Кейин яна айтади: “Ё Роббим, уни зиёда қил, каромат либосини кийсин”. Кейин яна айтади: “Ё Роббим, ундан рози бўл”. Сўнг ўша бандага айтилади: Ўқи ва кўтарил, ҳар бир оят ўқиганингда битта савоб бўлажак”.

Қуръон аҳли учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан махсус башорат бор. У зот дедилар: “Одамлар ичида Аллоҳнинг аҳли бор”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, улар ким?” дея сўрашди. У зот: “Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, дедилар.

Давлат миқёсида мусҳафлар тарқатадиган исломий давлатлар бор. Агар сиз шундай юртлардан бирида яшаётган бўлсангиз Аллоҳга берган шундай улуғ неъмати учун ҳамд айтдингизми? Мусҳаф изласангиз бемалол топа оласиз. Бу нақадар катта бахт! Лекин афсуски баъзи уйларда чанг босиб ётади, ҳеч ким очиб варақламайди ҳам…

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 739 times

Мақолалар

Top