Мақолалар

Кома ҳолатидаги инсондан махсус жиҳозни узишнинг ҳукми

Cавол: Комага тушиб қолган инсондан сунъий ҳаёт бериб турадиган мосламани қачон узишга шаръан рухсат этилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу саволга жавоб бироз тафсилотга эга. Халқаро Ислом Фиқҳи Академияси ҳижрий 1407 йил, 8-13 сафар/милодий 1986 йил, 11-16 октябр кунлари бўлиб ўтган учинчи мажлисида инсон жисмидан ҳаётни тутиб турувчи жиҳозларни олиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиб, бу масала бўйича мутахассисларнинг баёнотларини диққат билан ўрганиб чиққан ва муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилинган: “Қуйидаги икки аломатдан бири аниқ бўлса, шаръий жиҳатдан бемор ўлган деб эътиборга олинади ва унга вафотга оид ҳукмлар жорий бўлади:

  1. Беморнинг юраги ва нафаси батамом тўхтаса ва шифокорлар юрак уриш ва нафас олиши қайта ишга тушмайди деб қатъий таъкидлашса.
  2. Бемор миясининг барча вазифаларининг фаолияти бутунлай тўхтаса ва мутахассис шифокорлар унинг мия фаолияти қайта ишга тушмаслигини қатъий таъкидлашса ва миянинг емирилиши бошланган бўлса. Мана шу ҳолатда беморга уланган ҳаётни тутиб турувчи жиҳозни олишга рухсат берилади. Бунда гарчи юрак каби айрим аъзолар жиҳоз ёрдамида ишлаб турган бўлса ҳам ҳукм шундай”.

Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, мия фаолияти тўлиқ тўхтагани билан, агар жиҳозни олгандан кейин юрак ва нафас олиш табиий равишда амалга ошаётган бўлса, мазкур одам ўлганга ҳукм қилинмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 471 times

Мақолалар

Top