Мақолалар

Фарзандим катталашгач, муҳаббатим камайди

Фарзандларимнинг гўдаклик даврида уларга бўлган муҳаббатим чексиз эди. Лекин улар катта бўлиб ўсмирлик даврига ўта бошлагач, уларга нисбатан муносабатим ўзгара бошлаганини, қаттиққўлликка ўтганимни сеза бошладим. Айни пайтда фарзандларим ҳам менга нисбатан худди шундай муомалага ўтишди. Улар менинг айтганимни қилишдан қочишар, қасдма-қасд ҳаракатлар қилишарди. Орамиздаги муҳаббат сусайгани сари муаммолар келиб чиқа бошлади.

Шунда бу масалада тажрибага эга инсонлар билан маслаҳатлашиб, тавсиялар олишга қарор қилдим. Уларнинг айтишича, биз ота-оналар ва фарзандлар орасидаги муҳаббат вақт ўтгани сари ўзгариб, уни мустаҳкамлаш чораси кўрилмаса, улар билан бирга яшаш қийинлашиб қолар экан. Яъни қалбдаги муҳаббат камайса, унинг ўрнини нафрат эгаллаб вақт ўтгани сари ўртадаги алоқа йўқолиб борар экан.

Тажрибали кишиларнинг сўзига кўра, биз фарзандларимиз ўртасидаги меҳр-муҳаббатни кундалик, ҳафталик ва ойлик махсус кўрсатмалар билан янгилаб туришимиз керак экан. Ушбу кўрсатмалар фарзандларимизга бўлган меҳримизни ифодаловчи сўзлар айтишимиз, ҳаракатлар қилишимиз, уларга ёқадиган машғулотлар билан шуғулланишимиз, ибодатларни биргаликда бажаришимиз, биргаликда саёҳатларга чиқишимиз кабилардан иборат экан.

Мен уларнинг кўрсатмаларига амал қилишга қарор қилдим. Тўғри, аввалига бу бироз қийин бўлди. Лекин Аллоҳнинг фазли билан бу йўлда сабрли бўлиб, муваффақиятга эришдим. Бир ой ўтар-ўтмас оиламизда меҳр-муҳаббат янада зиёдалашди. Оиламиз биз учун жуда ёқимли ва севимли даргоҳга айланди. Фарзандларим билан хотиржам мулоқот қила бошладим. Улар мени кўпроқ эшитадиган, қайсарлик қилмайдиган бўлишди.

Ушбу тажрибамга таяниб ҳар бир ота-оналарга айтадиган тавсиям шуки, фарзандларингиз билан орангизда муаммолар кўпайиб кетаётган, тинчлигингиз, асабларингиз бузилаётган, кўп жаҳл қилаётган, ғазабланаётган бўлсангиз, билингки сиз фарзандларингиз билан орангиздаги муҳаббатни янгидан тиклашга шошилинг.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

Read 776 times

Мақолалар

Top