Мақолалар

Қалбингизни салавот билан зийнатланг!

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг Азбо номли туялари ўтлаётган бўлса, ўт-­ўланлар унга талпинар, йиртқич ҳай­вонлар эса: “Сен Муҳаммадникисан” дея ундан йи­роқлашарди. Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин шу туя­лари емай, ичмай қўяди... 

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жаброил алай­ҳиссалом менга рисолатни олиб келганида, қайси тош ёки дарахт ёнидан ўтмайин: “Ассалому алайка, йа Расулаллоҳ!” дер эди», деганлар (Имом Баззор ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: “Масжид хурмонинг ғўлаларидан бино қилинганди. Набий алайҳиссалом хутба қилсалар, ана шу ғўлалардан бирининг устига чиқар эдилар. У зот алайҳиссаломга минбар ясаб берилгач, ўша ғўланинг ўн ойлик бўталоқдек инграганини эшитдик”.

“Ал-фиқҳул акбар” асаридаги Ибн Аб­боснинг “Муҳаммад алайҳиссаломнинг асҳобини сўкманглар. Улардан ҳар бирининг мақоми соат сайин юксалган, яъни Пайғамбар алайҳиссалом билан бир соат бирга бўлиш сизларнинг қирқ йиллик амалингиздан яхшироқдир”, деганларини ­эсласак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳобаларим йўлчи юлдуз кабидирлар. Улардан қай бирига эргашсангиз, ҳидоят топасиз” (Имом Дорақутний ривояти) ҳадисидаги моҳиятни янада те­ранроқ англаймиз.

Саъдий Шерозийнинг ҳикоятини ўқисак, буни янада яққолроқ ҳис қиламиз:

“Хушбўй совуннинг ҳидига маҳлиё бўлган шоир фаразан ундан сўрабди:

– Бунча хушбўйликни қаердан олдинг?

– Аслида, мен мушк ҳам, анбар ҳам бўлмаган оддий тупроқман. Бир муддат гулга ҳамроҳу ҳамсуҳбат бўлдим. Атиргул бутаси остида бўлганим туфайли унинг куртакларидан оқиб тушган шудринг томчилари билан нам­ландим. Шундан сўнг унинг ҳиди менга ўр­нашди. Қалбингизни яйратган бу ифор аслида атиргулдан!..”. 

Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мунтазам равишда салавотлар айтиб, саломлар йўлласак, атиргулнинг ифори каби маънавий оламимиз зийнатланиб бораверади. 

Мавжуда АБДУЛЛОҲ қизи

Read 761 times

Мақолалар

Top