Мақолалар

Жума куни гуноҳлар кечирилади

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين

لا حول و لا قوة إلا بالله

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуёш чиқадиган кунларнинг яхшиси жума кунидир. Унда Одам яралди, шу кунда жаннатга киритилди, шу кунда ундан чиқарилди” (Имом Муслим ва Термизий ривоятлари).

Термизий ривоятининг давомида: “Соат” (қиёмат) ҳам жума кунидагина қоим бўлур” дейилган.

“Бизлар охиргилармиз. Гарчи ҳар бир умматга Китоб биздан аввал берилиб, бизларга улардан кейин берилган бўлса-да, қиёмат кунида бизлар ўзиб кетгувчилармиз. Кейин Аллоҳ бизларга фарз қилган ушбу кундирки, Аллоҳнинг Ўзи бизларни унга ҳидоят қилгандир. Бу бўйича инсонлар бизларга эргашувчилардир. Яҳудийлар эртанги куни, насоролар унинг эртасига” (Имом Муслим ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло жума кечасида бутун Ислом аҳлини мағфират қилур”, деганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума кечасининг барчасида Аллоҳ таоло Ўз халқига уч бора назар солур ҳамда Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаганларни мағфират қилур” деганлар.

Эътиборлиси шундаки, бу ҳадислар “Қадр” сурасининг тафсирида кечаларнинг улуғи қадр кечасими ёки жума кечасими, деган мубоҳасада келтирилган. Гарчи жумҳур уламолар қадр кечаси афзал деса-да, яна бир тоифа олимлар жума кечсининг улуғроқ эканига далиллар келтирганлар.

Хусусан, (“Қадр кечаси минг ойдан яхшидир”) дейилганда ўша тоифадаги уламолар “жумаси бўлмаган минг ойдан яхши” деб тафсир қилганлар (Олусийнинг “Руҳул маъоний” тафсири).

Биз кечаларнинг қай бири улуғлиги ҳақида мунозара қилмоқчи эмасмиз, лекин шундай мубоҳаса борлигининг ўзи жума кунининг нақадар улуғлигига далил эмасми?

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.

Read 817 times

Мақолалар

Top