Мақолалар

Ҳодисалар замиридаги ҳақиқат...
 

Аллоҳ таоло бундай мар­ҳа­мат қилган:

وَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمۡۖ وَعَسَىٰٓ أَن تُحِبُّواْ شَيۡـٔٗا وَهُوَ شَرّٞ لَّكُمۡۚ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ وَأَنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ

“Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз” (Бақара сураси, 216-оят)

Ушбу илоҳий таълимот унинг мазмунини теран англаб етган ва ҳаётига татбиқ этган инсон учун улкан ютуқ ҳамда қалб хотиржамлиги калитидир.

Тақдир битигига кўра банданинг бошига кўп синовлар тушиши мумкин. Шу боис инсон ғамга ботади, уни улкан зарба сифатида қабул қилади. Лекин вақт ўтиб, бу иш унинг учун хайрли бўлгани англашилади.

Масалан, сафарга отланган киши самолётга улгура олмади ва бундан қаттиқ хафа бўлди. Ғам­га ботиб турганида ҳалигина учиб кетган самолётнинг фалокатга учрагани ҳақида хабар тарқалди... Демак, мусулмон киши ҳар бир ишида аввал зарурий чораларини ва сабабларини амалга оширади, сўнгра Аллоҳ таолога таваккул қилади. Агар ишининг натижаси ўзи хоҳлаганидек бўлмаса, мазкур оятни эслаб, хотиржам бўлади.

Айни мазмундаги яна бир оят оилавий муносабатлар ҳақида нозил бўлган:

فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

“Агар уларни (аёлларингизни) ёқтирмасан­гизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинг­лар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).

Ушбу Қуръоний ҳақиқатни кўплаб оилаларнинг ҳаётий тажрибасида кўриш мумкин. Ёшликларида турмушнинг аччиқ-чучугига сабр қилган, жуфтининг камчиликларига кўз юмган эру хотинлар кексайганларида роҳат-фароғатга, фарзанду набираларнинг ардоғига эришган­ларига ҳаётий мисоллар жуда кўп.

Бугунги кунда ушбу оят кўрсат­масига риоя қилмаслик жуда кўп нохушликларга сабаб бўла­ётир. Енгил-елпи қарашлар, арзимаган сабабларни баҳона қилиб Аллоҳнинг Аршини ларзага келтирадиган талоқ қў­йишлар оғир мусибат аслида. Аллоҳ­нинг номи билан барпо бўлган муқаддас ришта – никоҳ Аллоҳни унутиш, шайтоннинг васвасаси ва нафснинг алдамчи хоҳишларига берилиш оқибатида барбод бўлади.

Мусулмон киши, айниқса, оила­вий масалаларда юзага келган ҳар қандай қарорни диёнат тарози­сига қўйиб, Аллоҳ таолога ман­зур бўлиш-бўлмаслигини чуқур муло­ҳаза қилиши, сўнгра қабул этиши лозим.

Шу ўринда Расу­луллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва сал­ламнинг ҳар бир ишда ўр­гатган­лари, тавсия қилганлари – истихора намози қан­чалик аҳамиятли эка­нини англаб етамиз.

Дарҳақиқат, ишини Аллоҳга топшириб, хайрлисини сўраган­лар асло ноумид бўлмаганлар, на­­до­матда қолмаганлар. Шунинг учун ҳар бир ишнинг охири хайрли бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қилиш лозим.

Муҳаммадюсуф

ХУШВАҚТОВ,

Яшнобод тумани

“Абдураҳмон ибн Авф” масжиди

имом-хатиби

Read 809 times

Мақолалар

Top