Мақолалар

Илм мажлисининг фазли

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг зикр мажлисларини излаб юрадиган улуғ фаришталари бор. Фаришталар зикр бўлаётган жойни топсалар, зикр қилувчилар билан бирга ўтиради. Малоикалар қанотлари билан уларни ўраб олади. Ҳатто, улар билан дунё осмонигача фаришталар тўлиб кетади. Зикр қилувчилар тарқалишса, фаришталар осмонга чиқиб кетадилар. Аллоҳ таоло уларнинг ҳолини билса-да, фаришталардан: “Қаердан келдиларингиз?” деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг ҳузуридан келдик. Улар сенга тасбиҳ, такбир, таҳлил, ҳамд айтиб, сендан сўрамоқдалар”, деб жавоб беришади. “Мендан нимани сўраяпти?” дейди Аллоҳ таоло. Фаришталар: “Сендан жаннатингни сўрашмоқда”, деб жавоб беришади. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” деб сўрайди. Малоикалар: “Йўқ”, деб жавоб беради. Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўрганларида қандай бўларди?”, дейди. Фаришталар: “Бандаларинг Сендан паноҳ сўрашяпти”, дейди. Аллоҳ таоло: “Нимадан паноҳ сўрашяпти?” дейди. Улар: “Ё Рабби дўзахдан омонлик сўрашмоқда”, деб жавоб беради. Аллоҳ таоло: “Одамлар жаҳаннамни кўришганми?” деб сўрайди. Малоикалар: “Йўқ”, дейишади. Аллоҳ таоло: “Улар жаҳаннамни кўрганларида қандай бўларди!”, дейди. Фаришталар: “Одамлар Сендан гуноҳларини кечиришингни сўрашмоқда”, дейди. Аллоҳ таоло: “Уларнинг гуноҳларини кечирдим. Сўраган нарсаларини ато этдим. Паноҳ сўраган нарсаларидан паноҳ бердим”, дейди. Фаришталар: “Ё Рабби уларнинг орасида кўп хато қилган бандалар бор. Улар зикр қилувчиларнинг ёнидан ўтаётиб, бирга ўтиришди” дейишади. Аллоҳ таоло: “Уларни ҳам мағфират қилдим. Улар мажлисида бирга ўтирганлар бахтсиз бўлмайдиган қавмдир”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ёдланадиган ва зикр қилинадиган жой зикр мажлиси дейилади. Унга тасбеҳ, такбир, таҳмид айтиш, Қуръони карим тиловати ва набавий ҳадисларни мутолаа қилиш билан машғул бўлиш, шаръий илмларни ўқиш, дунё ва охират яхшилигини сўраб дуо қилиш каби ўринлар киради.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисда зикр мажлиси ва зикр қилувчиларнинг фазилати ва ажру савобининг улуғлиги айтилди. Зикр мажлисида ўтирганлар зикр қилмаган бўлсалар-да, зокирларга шерик бўлиб, Аллоҳ таолонинг фазлига эга бўлади”, дейди.

Имом Шавконий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Солиҳ зотларнинг мажлисида ўтирганлар, улар билан ажрда баробардир. Чунки солиҳ зотларнинг баракоти туфайли уларга Аллоҳнинг фазли ёғилади”.

Аллоҳ таоло қалб ва тил билан зикр қилинади. Қалбнинг зикри икки хил бўлади. Биринчиси, зикрларнинг буюги ҳисобланади. Унда Аллоҳ таолонинг улуғлиги, буюклиги ва еру осмондаги далиллари ҳақида фикр юритилади, тафаккур қилинади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зикрнинг афзали махфийсидир”, деганлар” (Имом Байҳақий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан зикрнинг биринчи нави ирода қилинган. Зикрнинг иккинчиси, буйруқ ва қайтариқ вақтида Аллоҳ таолони қалб билан зикр қилишдир. Бунда буюрилган ва қайтарилган ишларга бўйсунилади. Аллоҳ таолони тилнинг ўзи билангина ёдлаш зирирнинг энг заифи ҳисобланади. Лекин унда ҳам улкан фазилатлар бор экани ҳадиси шарифларда баён қилинади.

Мазкур ҳадис солиҳларнинг мажлисларининг фазилатли эканига ёрқин далилдир. Солиҳларнинг мажлисларида ўтириш ва улар билан суҳбатлашган одам кўп манфаатга эришади. Шунинг учун Қуръон каримда яхшиларнинг суҳбатида бўлиш ва солиҳлар билан бирга ўтиришга тарғиб қилинади: “Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари «юзи»ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг!” (Каҳф, 28).

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида: “Аллоҳга зикр, таҳлил, ҳамд, тасбеҳ ва такбир айтиб, Аллоҳдан эртаю кеч ҳожатларини сўровчилар фақир ёки бой, кучли ёки кучсиз бўладими, улар билан бирга бўлгин, деган маъно тушунилади” дейди.

Солиҳларнинг мажлиси доимо манфаатли бўлади.  Унинг фойдаси бўлмаганда ҳам зарари бўлмайди. Аммо ёмонларнинг мажлиси эса, доимо зарар келтиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) солиҳлар билан ҳамсуҳбат бўлишни мушк тарқатувчига ўхшатганлар. Унинг мушкидан сотиб олиб фойдалананишингиз ёки у хушбўйлигидан бериб сизни хурсанд қилиши мумкин. Солиҳлар суҳбатида инсон камчиликларини билади, яхшилик қилишга иштиёқи ошади, дунё ғамини унутади. Ёмон хулқли одамлар билан суҳбат қуриш эса, одамни ёмонликка шерик қилади, гуноҳ-маъсиятга бошлайди. 

Манбалар асосида Тошкент ислом институти битирувчиси

Саидмуҳаммадхон МУҲИБУЛЛАЕВ тайёрлади

Read 6020 times
Tagged under

Мақолалар

Top