Мақолалар

Аллоҳим мени ташлаб қўйма!

Бир куни турмуш ўртоғим уйга шошиб кириб: "Телефонингни бер, қўшнига сотиб, бошқа яхшисини олиб бераман!" деб қолдилар. "Майли", дея у кишига оппоқ қўл телефонимни узатдим…

"Бу ҳам телефон жинниси экан", деб ўйлаяпсизми?! Рости, аввалига озгина бир нимасини йўқотган одамдек ҳис қилдим ўзимни. Кейинчалик нима учун бундай ҳолга тушганимни тушундим.

Тўғри, телефон орқали – шу кичиккина тўртбурчак ашё туфайли – ҳар ким ўзи излаган "дунё"га кириб боради… охир-оқибат ундан чиқолмай қолади. Ўзим-чи, хўш, мен нима учун телефонсиз қолиб қийналдим?!

Мен кимларгадир ўхшаб тинмай ижтимоий тармоқма-тармоқ кезиб юрмайман, шукр. Шунчаки қийналишимга сабаб – кундалик зикрларимсиз қолиб кетдим…

Ҳар куни бомдод ва шом маҳали, айниқса, изланиб қоламан, денг. Оқ телефонимда эса бутун бошли дуолар китоби ва Қуръони Карим бор эди. Уни очиб ўқишга асло қийналмасдим. Тайёр дастуримдан ажралиб қолиб, қалбим ҳувиллаб қолди.

Тўғри, ҳали ҳам ундан яхшисига етолмадим… лекин тан олиш керакки, ижтимоий тармоқларсиз ҳам ҳаёт табиий гўзалроқ экан, азизлар. Чиндан ҳам болаларингизга ҳақиқий маънода қарайсиз, улар билан қизиқасиз, ҳақиқий Қуръони Каримни очиб, оятларини излаб ўқийсиз, китобларни табиий ҳолда мутолаа қиласиз. Хуллас, ҳаммаси ўз ҳолича содир бўлади. Бир шиша банка ичидан чиққандай бўласиз гўё, десам, муболаға бўлмайди.

Энди эса турмуш ўртоғимга ҳам ўз телефонини оддий қўл телефонига алмаштиришини тайинлаганим-тайинлаган. Сабаби ҳатто овқат маҳали ҳам шуни титкилаб ўтирадилар, биз эса у кишининг юзига қараб ўтирамиз: бир кулишларига, бир қовоқ уйишларига боқиб овқатланамиз. Охири: «Бизга вақт ажратмасангиз ҳам, овқатни қаерга еяётганингизни билинг, дадаси», деб юбораман. Бу гапимдан сўнг бир четга қўйилган телефонни болаларим талашиб кетишади. «Ҳой, энди сизлар бошладингизми?!» десам, «Ойи, "мушук"ка қараб қўяйлик, балки очқаб кетгандир, ҳожатга боргиси келаётгандир… Агар ҳозир қарамасак, дадам яна телефонларини олиб қўядилар», дейишади чуғурлаб. Нима дейишни ҳам билмай қоласан одам.

Шу «собиқ» оқ телефонимда бир тармоқда ўқиган ҳикоям ҳеч эсимдан чиқмайди, уни айнан келтира олмайман, лекин айтиб бераман. Қулоқ солинг, балки сизга бу танишдир, ҳар ҳолда яна бир бор эслатма бўлса, ибрат бўлса, ажаб эмас.

Касалхонага нуроний бир онахон бетоб бўлиб ётқизилади. Унга бир ҳамшира ҳар куни қарайди. Онахон неча кун даволаниб ётган бўлса, шунча кун қўни-қўшниси, узоқ-яқин қариндош-уруғлари, қуда-андаси, хуллас, кўпчилик кўргани келади. Меҳр-оқибат тобора йўқолиб бораётган бир замонда буни кузатган ҳамшира ниҳоятда ажабланади.

Эртага жавоб деган куни у катта ўғилдан нима учун кўпчилик онасини кўргани келганининг сабабини сўрайди. "Онам жуда яхши аёллар, ҳаммага меҳр-оқибат кўрсатадилар, шунинг учун бўлса керак-да", дейди ўғил. Бу жавобдан қониқмаган ҳамшира онахоннинг ўзидан бунинг боисини билгиси келади. Шунда онахон нима жавоб қилган, биласизми?! Балки, унинг жавобини эшитиб, сиз ҳам мен каби ҳайратлар ва кўз ёшлар ичида қоларсиз!?

"Болам, мен қаерга, кимнинг уйига борсам, Қуръони Каримни кўзларим билан қидираман. Унга кўзим тушган заҳоти дарҳол қўлимга олиб, ярим-бир бет ўқийман ва Китобни ёпиб, Роббимга шундай дуо қиламан: "Аллоҳим, мен Сенинг Китобингни ташлаб қўймаганим каби Сен ҳам мени ташлаб қўймагин!".

Уни тинглаб турган ҳамширанинг ҳам кўзларидан тинмай ёш оқарди. У онахонни шу тобда маҳкам бағрига босгиси келди.

Ҳа, азизлар, ана Қуръон Каримга бўлган эътиборнинг мукофоти! Қани эди, қўлимиз тинмай телефонга эмас, Қуръони Каримга югурса… Қанийди, телефондаги нарсаларни кулиб ё йиғлаб ўқиганимиз каби Буюк Аллоҳнинг Каломини ҳам берилиб тиловат қилсак…

"Ҳар нарсанинг ўз ўрни бор", дерсиз?! Хўп, шундай экан, биз мусулмонларнинг телефонга тикилганимиздек, Қуръони Каримни ҳам ўқиб қўйганимиз қани?!

Мадомики, ким Қуръонни ўқишни билса-ю, уни уч кундан ортиқ ташлаб қўйса, "ғофиллардан" деб ёзиб қўйилишини биламизми? (Биламиз, чунки бу ҳақдаги мақолаларни ана шу телефонларимиздан аллақачон ўқиганмиз.) Агар Қуръонни ташлаб қўйсак, у қиёмат куни орқамиздан келиб, жаҳаннамга итаришини-чи?!

Шундай экан, келинг, барчамиз Аллоҳ таоло бизга дастур қилиб юборган Китобини ўқийлик, мағзини чақиб, унга амал қилайлик. Зеро, ана шунда ижтимоий тармоқлардан топган роҳатдан устунроқ роҳатни қўлга киритамиз…

Зуҳра ҲАМДАМОВА,

журналист

Read 735 times

Мақолалар

Top