Мақолалар

Яхши ва ёмон 2 хислат

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда мол-дунё ва бола-чақа дунё зийнати эканини баён қилган: “Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир. Боқий қолгувчи солиҳ амаллар Роббинг ҳузурида савоб ва умид жиҳатидан яхшироқдир(Каҳф, 46).

Инсон тирик экан, дунёнинг бу зийнатлари ҳамиша ҳамроҳ бўлар экан. Лекин гап шундаки, бу зийнатга ўта берилиб, у билан чалғиб охират амаллари, Аллоҳнинг розилиги қолиб кетмаслиги муҳимдир. Зеро, ҳалол тирикчилик қилишлик ҳам айни ибодатдир. Чунки динимиз таълимотларида таркидунёчиликка тарғиб қилинмайди. Балки, ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўллар билан топиши учун меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган.

Аллоҳ таоло Жума сурасининг 10-оятида марҳамат қилиб айтади: "Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шоядки, нажот топсангиз".

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўминларни ибодатларини адо этиб бўлгандан кейин ер юзига тарқалиб, саъй-ҳаракат қилиб, ҳалол ризқ топишга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло ризқ йўлларини кўпайтириб қўйган. Кимдир деҳқончилик, кимдир тижорат, кимдир ўқитувчилик, кимдир шифокорлик қилиб пул топади.

Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради: “Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.

Ҳа, инсон касб-ҳунар қилар экан, ҳам оиласига наф, ҳам бошқаларга манфаат, ҳам ибодатда бўлади, модомики фирибгарлик қилмаса, одамларни алдамаса, қимор, ароқ, ҳаром гўштлар савдоси каби ҳаром йўл билан тирикчилик қилмаса.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб- ҳунарли кимсаларни мақтаб бундай деганлар: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).

Сарварбек ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 777 times

Мақолалар

Top