Мақолалар

ҚАЛБДА ҚУВОНЧ, ТИЛДА ШУКРОНАЛИК  муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонида бўлиб турган юртдошларимизнинг дил сўзлари

Айни кунларда минглаб юртдошларимиз муборак ҳаж сафарига йўл олмоқда. Бундай бахтга ноил бўлиб, муборак заминга етиб борган ҳамюртларимиз Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида тоат-ибодат, зиёрат ва дуои хайрлар билан машғул бўлиб туришибди. Уларга ҳавас ила боққан яна қанча юртдошларимиз муқаддас замин орзусини туймоқда.

Шукрлар бўлсинки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда умра ва ҳаж зиёрати учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида улкан ишлар қилиндики, неча минглаб инсонларнинг орзулари рўёбга чиқди. Айниқса, умра сафарига квоталарнинг олиб ташлангани, ҳаж квотаси 15 минг нафарга етказилгани халқимизни ниҳоятда қувонтирди. Бугун кўплаб юртдошларимиз муборак зиёратларни бекаму кўст адо этиб, улар учун яратилган имкониятлардан мамнун бўлиб, Аллоҳга беҳад шукроналар айтмоқда.

“Ҳаж – 2024” мавсуми ҳам юқори даражада ўтиши учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонанинг «Ҳаж» ва «Умра» ишлари бўйича атташеси томонидан кўплаб саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Хусусан, мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига бориб, Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда жойлар ҳозирлади, зиёратчилар учун барча қулайликларни яратишга интилди. Мино, Арафот ва Муздалифада ҳожиларимиз учун алоҳида масканлар ажратилди. Шу билан бирга, авиқатновлар жадвали тасдиқланди, виза расмийлаштириш ишлари ниҳоясига етказилди.

Ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи 23 май куни муқаддас замин томон йўл олган.

Шу кунларда “Ҳаж” дастури доирасида мамлакатимизнинг 10 та минтақавий халқаро аэропортидан, хусусан, Тошкент, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз, Навоий, Нукус ва Урганч шаҳарларидан зиёратчилар Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига етказилмоқда. Юртдошларимиз 23 майдан 7 июнга қадар Мадинага боришса, Жиддадан мамлакатимизга қайтиш учун парвозлар 22 июндан 12 июлга қадар амалга оширилади.

Жорий йилда жами 124 та чартер йўловчи парвозлари орқали 15 минг 130 нафар зиёратчини ташиш режа қилинган. Аэропортларда рўйхатдан ўтиш вақтида йўловчилар иссиқ нонушта билан таъминланмоқда. Парвоз давомида эса тансиқ таомлар тарқатиляпти.

Айни кунларда ҳожиларимиз дастлаб Мадина шаҳрига бориб, Масжиди Набавийдан 100 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасида иззат-икром ила кутиб олинмоқда, уларга зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилмоқда. Зиёратчиларимиз меҳмонхоналарга жойлашганидан сўнг ихлос билан ибодатларни адо этишга киришмоқда. Хусусан, Масжиди Набавийда намоз ўқиш бахтига муяссар бўлиб, Равзаи муборакни зиёрат қилишга ошиқмоқда.

Бу бежиз эмас. Муқаддас китобларда Масжиди Набавийда ўқилган бир ракат намозга минг ракат намознинг ажру савоблари берилиши таъкидланган. Равзаи шарифга кирган киши ўзини ўзгача ҳис этади. Чунончи, Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Уйим ва минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, шундай.

Юртдошларимиз Мадинаи мунавварадаги уч кунлик сафари давомида Масжиди Набавийда кундалик беш вақт намозларини адо этиш билан бирга ислом тарихида машҳур Уҳуд тоғида, Қуръони каримда тақвога асосланган дея таърифланган илк масжид “Қубо”, икки қиблали масжид — Масжидул қиблатайн сингари муборак қадамжоларни ҳам зиёрат қилаётир.

Ҳожиларимиз турган меҳмонхонада барча шароит ҳозирланган. Ҳар бир хонада кийим жавони, стол-стул, телевизор, музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим бор, замонавий совитиш ускуналари ишлаб турибди. Ошхонада ибодатга қувват бўладиган уч маҳал таомлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар ҳожиларимизга муҳайё этилган.

Тиббиёт маркази ва Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби ҳам ташкил қилинган бўлиб, шифокор ва масъуллар 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида. Бу ҳамюртларимизнинг муборак заминдаги ҳар бир они мазмунли ўтиши, ғанимат кунларининг ҳар сонияси унумли ва улкан ажр-савобларга ноил бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Қуйидаги ҳожиларнинг дил сўзларида қувонч ва ҳаяжон, шукроналик туйғулари балқиб турибди.  

Дилором Ҳакимова:

— Бундай муқаддас жойга келиш насиб этганидан ниҳоятда хурсандмиз. Бунинг учун Аллоҳга беҳад шукроналар айтамиз. Бунга сабабчи бўлган ташкилотчиларга раҳмат! Бу ерда шинам, ҳар томонлама қулай меҳмонхонага жойлашдик. Биз учун ҳамма имконият муҳайё қилинган. Уч маҳал тансиқ таомлар тайёрланиб, тортиқ этилмоқда. Шунингдек, тиббий ходимлар саломатлигимизни доимий назорат қилиб турибди. Ушбу хайрли ишлар замирида ҳукуматимиз кўмагини ҳар томонлама ҳис қиляпмиз.

Шоира Исҳоқова:

— Бир неча йиллар олдин умра амалини бажаришга келганимда қулайликлар бу даражада эмас эди. Лекин бу сафар ҳаж зиёратига келиб, ниҳоятда тўлқинланиб кетдим. Бизни катта эҳтиром билан кутиб олишлар, хизматдагиларнинг гўзал муомаласи, меҳмонхонадаги шарт-шароитлар барчанинг кўнглига хуш ёқадиган, кўзларини қувнатадиган даражада. Бунинг учун, аввало, Президентимизга ва масъулларга ташаккур айтамиз.

Саидхон Махсумов:

— Аллоҳ шукрлар бўлсинки, орзиқиб кутган кунларга ҳам етдик. Тасаввур қилинг, бир вақтлар саноқли инсонларга бу бахт насиб этган бўлса, бу йил юртимиздан 15 мингдан зиёд ҳожи муборак диёрга ҳаж ниятида келмоқда. Умрага келаётган одамларнинг сон-соноғи йўқ. Яна бир эътиборли жиҳати, дунё мусулмон мамлакатлари орасида фақат олти давлатдангина зиёратчилар Мадинага тўғридан-тўғри учиб келмоқда. Ўзбекистон ҳам ана шулар қаторида. Бошқа юрт фуқаролари эса бир неча юз километр масофа босиб, Мадинага келяпти. Биз эса юртимиздан самолёт орқали Мадинага тўғри келиб, ибодатларни бошлаб юбордик.

Мирзаниёз Ражабий:

— Алҳамдулиллаҳ, “Ҳаж – 2024” мавсумининг илк зиёратчилари сифатида Мадинаи мунавварага етиб келдик. Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинадаги муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига жойлашдик. Унда зиёратчилар учун яратилган шароит ва имкониятлардан ҳар ким мамнун бўлиши турган гап. Бу барча ибодат ва зиёратларни бекаму кўст адо этишимиз учун муҳим жиҳат ҳисобланади. Барча ташкилотчилардан бағоят мамнунмиз.

 

Муҳаммадолим МУҲАММАДСИДДИҚОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

 

Read 740 times

Мақолалар

Top