Мақолалар

Қалбда тақво бўлса...

Дунёнинг ҳар куни, ҳар соати, ҳар дақиқаси синов. Талабанинг илмий савияси имтиҳон қилинганидек, Раббимиз ҳам бизларни синайди. Бандалик имтиҳони ҳам, таълими ҳам сўнгги нафасгача давом этади. Мўмин киши ҳар нафасини яхши ишлар билан безаши керак.

Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “...(Шунингдек) Сизга аниқ нарса (ўлим) келгунига қадар Раббингизга ибодат қилаверинг!” (Ҳижр сураси, 99-оят).

Дипломни олсак, бу ҳужжат умримиз сўн­гигача фойда беради. Бандалик эса бундай эмас! Ҳеч кимга “Оқибат албатта хайрли бў­лади” деган васиқа берилмаган.

Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади: “У кунда на мол ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур) (Шуаро сураси, 88–89-оятлар).

Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан бора олиш учун эса барча жиҳатларга эътиборли бўлиш лозим. Жалолиддин Румий тоза қалбни гўзал таърифлайди: “Эй йўлчи! Тананг бир мактуб кабидир. Унга диққат билан боқ. У Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини бажаряптими, яъни яратилиш мақсадларига мувофиқми?

Бир бурчакка ўтириб олиб тафаккурга шўн­ғи, мактубни, яъни ўзингни ўқи!

Агар мактубдаги ёзув – феъл-атворинг ва амалларинг, ибодатларинг, хайру ҳасанот­ларингга муносиб бўлмаса, уни йиртиб ташла ва қайта ёзишга жасорат қидир! (Яъни тавба ва истиғфор қил, ҳаётингни тақво асосида янгидан бунёд эт!)”

Ҳеч ким ҳурмат қилган, эъзозлаган азиз инсонига ёмонликни раво кўрмайди. Амал­ларимизни Аллоҳ таолога ёруғ юз билан тақдим эта олишимиз учун уларни тақво билан ҳимоя қилишимиз лозим. Зеро, “...(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят)“...Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо сураси, 132-оят). Яна Ҳақ таоло марҳамат қилади: “...Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” (Бақара сураси, 194-оят).

Мўмин киши тақвони қандай касб қилади?

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай­ҳи ва салламга эргашиш орқали. Жаноби Ҳақ бизларга намознинг ҳар ракатида Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюради. Ҳар ракатда: Бизни шундай тўғри йўлга йўллагин... (Фотиҳа сураси, 6-оят) дея Раббимизга илтижо қиламиз.

Раббимиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: (Сиз) тўғри йўлдадирсиз (Ёсин сураси, 4-оят) дея амр этди. Бундан англашиладики, энг тўғри йўл Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг йўлларидир. Шу сабабли инсон ўз ҳаётини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари билан таққосласа, қай даражада тўғри йўлда эканини англаб етади.

Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз. Аллоҳ таоло бизларга сўнгги нафасда иймон калимасини айтишни буюради. Афсуски, охирги нафасимизни қандай беришимиз ёлғиз Аллоҳга аён... Шунинг учун илоҳий амрларни қалбдан чуқур ҳис этиб, юксак ахлоқ билан яшаш лозим. Чунки сўнгги нафасда тўғри йўлдан “тойиб кетмаслик” шунга боғлиқ. Зеро, қалбда тақво бўлса, намоз Раббимиз хоҳлаганидек хушу билан ўқилади, садақа кибр қилмай берилади, хизмат чин қалбдан адо этилади.

Хушусиз ўқилган намоз, олувчига миннат қилиб берилган садақа, қўл учида қилинган хизмат амал дафтаримизга қора доғдан бошқа из қолдириши мумкинми?!

Шундай экан, умримизнинг ҳар онини тақво қилган ҳолда яшайлик. Токи, имтиҳон “баҳо”си аъло бўлсин! 

Нигора МИРЗАЕВА

тайёрлади.

Read 620 times

Мақолалар

Top