Мақолалар

Етти мартадан кам тавоф қилиш

Cавол: Умрада бетаҳорат тавоф қилиб қўйган бўлса ёки еттитадан кам тавоф қилган бўлса, жиноят қилган бўладими?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Умра тавофи умранинг рукни ҳисобланади. У бетаҳорат қилинса, жиноят бўлиб, жаримасига қўй сўйиш вожиб бўлади. Ҳали Маккада турган бўлса ва шу тавофини қайта қилса, қўй сўйиш соқит бўлади. Масалан, бир киши тавофда бир айланани бетаҳорат қилди ёки бир айланани қилмай, олти айланада тугатиб қўйди. Бунинг жоиз эмаслигини эҳромдан чиққандан кейин билди. Масжидул ҳарамга кириб ўша бир айланани қилиб қўйса, жарима соқит бўлади. Бу тавофни одатий тикилган кийимида қилаверади. Мийқот ёки Оиша розияллоҳу анҳо масжидига бориб эҳром боғлаб келмайди. Агар ватанига қайтиб кетган бўлса, қўй сўйиш вожиб бўлади. Қўй ҳарамда сўйилиши шарт бўлгани учун пулини юбориб, вакил орқали сўйдиради. Уйида сўйиши ҳисобга ўтмайди.

Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда келган маълумотларни тақдим этамиз: “Агар умра тавофининг ҳаммасини ёки кўпроғини ёки озини, гарчи бир айлана бўлса ҳам жунуб, ҳайз, нифос, бетаҳорат ҳолатда қилган бўлса, зиммасига қўй сўйиш вожиб бўлади. Бунда оз ёки кўп, жунуб ёки бетаҳорат бўлишнинг фарқи йўқ... Шунингдек, умра тавофининг озини, гарчи бир айланасини бўлса ҳам тарк қилган бўлса, қўй сўйиш вожиб бўлади. Агар шу тавофни қайта қилса, қон соқит бўлади” (Раддул муҳтор китоби).

Аллома Ибн Моза раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар умра тавофини бетаҳорат ёки жунуб ҳолда бажарса, модомики Маккада турган бўлса, қайта тавоф қилади. Тавоф умрада рукн ҳисобланади” (Муҳити Бурҳоний китоби).

Аллома Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу борада бундай дейдилар: “Шунингдек умра тавофининг озини гарчи бир айланасини бўлса ҳам тарк қилса, қўй сўйиш вожиб бўлади. Агар ана шу тарк қилган тавофини, яъни ўша озининг ўзини қайта қилса, қўй сўйиш соқит бўлади. Агар тавофнинг ҳаммаси ёки кўпи (масалан, тўрттаси)ни тарк қилса, ўша тарк қилинган тавофларни адо қилиши вожиб бўлади. Унинг ўрнига бошқа амал ўтмайди” (Иршодус сорий китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 836 times

Мақолалар

Top