Мақолалар

Кампирнинг гапига кирган чол ҳикояси

Кимки бирор нарсани назр қилса ўшани албатта бажариши лозим. Аммо баъзи инсонлар бошларига мушкул тушганида Аллоҳга ёлвориб “агар шундан қутулиб олсам фалон яхши ишни қиламан” деб қасам ичади ёки ваъда қилади ёҳуд назр қилади. Аммо муаммо ва мушкуллардан қутулганидан кейин, ваъдасини адо қилмайди. Назрни адо этиш эса вожиб саналади. Билмайдики, эртага яна Аллоҳга ёлвориши бор.

Ҳикоя. Ривоят қилишларича, бир чол бозордан қўзичоқ сотиб олибди. Кейин шу қўзи катта бўлса қурбонликка сўяман деб ният қилибди. Иттифоқо қўзи шунчалик тез ривожланибдики, Қурбон ойи келгунча каттагина, кўрган одамнинг суқи кирадиган қўчқор бўлиб етилибди. Буни кўриб кампир чолига айтибди:

Бунинг ўрнига бозордан бошқа қўй олиб сўяйлик.

Йўқ, мени шуни ният қилганман, – дебди чол.

Қўй бўлса бўлди-да, барибир сўямизку, – дебди кампир ва жаврай-жаврай охири чолни кўндирибди.

Чол бозорга борибди. Ўртача катталикдаги қўйни танлаб анча савдолашди. Охири баҳосини келишгандан сўнг пулни санаб бермоқчи бўлиб чўнтагига қарса, пул йўқ! Ўғрилар “шилиб” кетишибди. Жаҳли чиққан чол ўзига-ўзи: “Шу мияси айниган кампирнинг гапига кириб адашибман. Ҳозироқ тўғри уйга бориб кампир билан маслаҳатлашиб ўтирмай ўша қўчқорни сўяман!” деб уйга равона бўлди.

Келиб шошилиб қўйхонага кириб қараса, қўчқор ҳаром ўлиб ётган экан.

Қўшимча. Ўтган йили рамазонда бир маҳалладошим ифторлик қилишни ният қилган, бироқ бир одамга аччиқ қилиб ифторликни бермади. Мен унга юқоридаги ҳикояни айтсам, ўзи иқрор бўлдики, бу киши ҳам ўша куни (ёки эртасига) пулини йўқотиб қўйибди. Бу ҳақиқатан бўлган гап.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ

 

Read 663 times

Мақолалар

Top