Мақолалар

Қамоқдаги энг оғриқли нарса нима?

Ар-Роғиб ал-Асфаҳоний шундай ёзади: Аббосийлар халифаси Абу Жаъфар ал-Мансур зиндондаги Бани умайяликларга одам юбориб, бир савол сўраттирди. Савол қуйидагича эди: “Сизлар учун зиндондаги энг оғриқли нарса нима?”. Бунга жавобан улар: “Фарзандларимизни тарбия қилишга улгурмаганимиз ҳисси”, дейишди.

Бир куни Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ўғли Язиддан ғазабланиб койиди. Шунда Аҳнаф ибн Қайс: “Эй мўминлар амири, улар бизнинг фарзандларимиз, қалбимиз меваси, белимиз таянчи. Биз улар учун гўё ер ва осмондекмиз. Безовта бўлишса, уларни хотиржам қилинг. Бирор нарса истасалар, беринг. Уларга ҳаддан ошиқ қаттиққўллик қилманг. Сиздан безиб ўлимингизни истаб қолишмасин”, дедилар.

Муовия ибн Абу Суфён эса: “Барака топ, Абу Баҳр. Эй йигитча, Язиднинг олдига боргинда, мендан салом айт. Унга “Мўминлар амири сизни кечирди ва сизга ҳадя беришни тайинлади” дегин”, дедилар. Бу гап Язидга етиб боргач: “Мўминлар амирининг олдида ким бор эди?” деди. “Аҳнаф”, дейишди. Язид: “Отамнинг ҳадяларини у билан, албатта, баҳам кўраман”, деди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

Read 729 times

Мақолалар

Top