Мақолалар

"Ким Умар розияллоҳу анҳу фақат исломий илмларгагина эътибор берган" деб ўйласа, катта хато қилган бўлади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб: «Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъбнинг олдига келсин. Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собитнинг олдига келсин. Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабалнинг олдига келсин. Ким мол-дунёдан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», дедилар».

Ҳар қандай илмни ўз мутахассисидан олиш керак. Саҳобаи киромлар ичида ҳам маълум илм билан шуҳрат топган кишилар бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг раҳбар сифатида бундай кўрсатма беришлари катта аҳамиятга эга эди. Ана шу кўрсатмаларга амал қилинса, жамиятнинг илмга ажратган маблағи ҳам, мутахассисларнинг илмлари ҳам зое кетмайди. Жамиятнинг ривожи учун зарур бўлган мутахассисларга эса етарли даражада илм берилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу олим шахс сифатида илм нима, олим ким, уларга қандай муомалада бўлиш керак буларни жуда яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам у кишининг илм бўйича раҳбар сифатида олиб борган сиёсатлари ғоят муваффақиятли чиққан.

Имом Аҳмад ва Ибн Абдулбаррлар Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Шу билан бирга илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинглар. Жаббор уламо бўлмангки, жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин».

Раҳбари «Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар» деб турган жамиятда илм ривож топмаса, қаерда ривож топиши мумкин?

Раҳбари «Илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар» деб турган жамиятда уламолар виқорли ва сокин бўлмасалар, қаерда бўлишлари мумкин?

Раҳбари «Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинг» деб турган жамиятда олимларгаю толиби илмларга нисбатан тавозели бўлинмаса, қаерда бўлиши мумкин?

Раҳбари «Жаббор уламо бўлманг» деб турган жамиятда бир-бирини ғажийдиган, илмга ва олимларга бало бўладиган жабборлар йўқ бўлмасдан, қаерда йўқ бўлсин?

Раҳбари «Жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин» деб турган жамиятда илм соҳиблари билмагани билганидан кўп эканини тушуниб етиб, доимий равишда илмий изланишда бўлмаса, бошқа қаерда бўлиши мумкин?

Ҳа, ким олим-у, ким олим эмаслигини билган юртдагина, ҳақиқий олим қадр топган юртдагина илм ривожланади ва ўша юрт илмий асосда тараққий этади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу буюк олим эдилар. У кишининг илмларига ҳамма саҳобаи киромлар ҳам тан берар эдилар.

Табароний Абу Воилдан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Агар Умар розияллоҳу анҳунинг илми тарозининг бир палласига, қолган одамларнинг илми тарозининг иккинчи палласига қўйилса, унинг илми оғир келар эди», деди.

Вакийъ айтади: «Аъмаш: «Мен буни инкор қилиб, Иброҳимнинг олдига бориб айтдим. У: «Бунинг нимасини инкор қиласан? Аллоҳга қасамки, Абдуллоҳ бундан афзалини ҳам айтган: «Умар кетган куни илмнинг ўндан тўққизи кетди», деган», деди».

Табароний Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган узун ривоятда жумладан: «Умар Аллоҳни энг билувчимиз, Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқиганимиз ва Аллоҳнинг динида энг фақиҳимиз эди», дейилган.

Ибн Саъд келтирган ривоятда Мадина аҳлидан бир киши: «Умарнинг олдига бориб қарасам, фақиҳлар унинг олдида ёш болага ўхшаб турибдилар. У ўз илми ва фиқҳи ила улардан устун эди», деган.

Ким «Ҳазрати Умар фақат исломий, яъни Қуръон, ҳадис, фиқҳ каби илмларгагина эътибор берган» деб ўйласа, катта хато қилган бўлади. Ҳазрати Умар ўз даврларидаги жамият учун фойдали бўлган барча илмларга бир хил муносабатда бўлганлар.

Ибн Абу Шайба ва Ибн Абдулбаррлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан илм ҳақида у кишининг ўзлари айтган қуйидаги гапларни ривоят қиладилар: «Ушбу юлдузлар ҳақида қуруқлик ва сув зулматларида йўл топадиган нарсангизни ўрганинг, қолганидан тийилинг», яъни «Юлдузларни ўрганиш жамият ҳаёти учун фойда берадиган ўрганиш бўлсин, фолбинлик учун бўлмасин». Ҳазрати Умарнинг «тийилинг» деганлари шу маънони англатади.

Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар: «Юлдузлар ҳақида қуруқлик ва сув зулматларида йўл топадиган илмни ўрганинглар, насаблар ҳақидаги илмни ўрганинглар», деганлар.

Бунда насл-насаб илмини ўрганишга ҳам тарғиб бор. Ўша вақтда, ўша жамиятда бор илмларнинг ўзи ҳам шу эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳулардан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бошқа соҳалар қатори илм соҳасида ҳам ўзларига юклатилган масъулиятни шараф ила адо этганлар десак, заррача муболаға бўлмайди.

Ислом тарихи китоби биринчи жуз

Read 745 times

Мақолалар

Top