Мақолалар

Ғам-мусибат етганда, бефарзандлик ва қарздорликда ўқиладиган дуолар

Ғамга тушиб қолсангиз, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқиб, тафаккур қилинг: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббидир”. (Тавба сураси, 129-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимда ким тонг отганда ва кеч кирганда: “Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, Унга таваккал қилдим, У улуғ аршнинг Роббидир”, деб етти марта айтса, Аллоҳ унинг ғамларига Ўзи кифоя қилади”.

Савдо қилсангиз ёки қарздор бўлиб қолсангиз, “Лаа илааҳа иллаллоҳ ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, деб зикр қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”ни кўп айтинглар, чунки бу жаннат хазиналаридан бир хазинадир”, деганлар.

Маҳзун бўлсангиз ушбу оятни ўқинг: “Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман” (Юсуф сураси, 86-оят).

Ҳаётингизда муваффақиятсизликка учрасангиз мана бу оятни ўқинг ва маъносини англаб, амал қилинг: “Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман” (Ҳуд сураси, 88-оят)

Дарслардан чарчасангиз қуйидагича дуо қилинг: “Эй Аллоҳ, менга дунё-ю охиратда энг олий даражаларни насиб этгин”.

Дунё ғамларидан чарчасангиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган ушбу дуони ўқинг: “Эй Аллоҳ, дунёни энг катта ғамимиз, илмимизнинг маблағи (мақсади) қилиб қўйма”.

Намозларни дангасаликданми ёки бошқа бирор сабабданми вақтида ўқимай юрган бўлсангиз мана бу оятдаги дуони ўрганинг ва шу дуони такрор-такрор қилиб юринг: “Эй Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин” (Иброҳим сураси, 40-оят).

Уйлана олмай юрган бўлсангиз ёки фарзанд кўрмаётган бўлсангиз, айтинг: “Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан” (Анбиё сураси, 89-оят).

Ўзингизни ёлғиз ҳис қилсангиз: “Менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт” (Исро сураси, 80-оят), деб дуо қилинг.

Ишларингиз қийинлашиб кетса: “Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил. Менинг ишимни осон қил” (Тоҳа сураси 25-26 оятлар), деб илтижо қилинг.

Қалбингизда кимгадир нисбатан нафрат бор бўлса, “Эй Аллоҳ, мени ғазабини яширувчи, одамларни кечириб юборувчилардан қилгин”, деб дуо қилинг.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 904 times

Мақолалар

Top