Мақолалар

Фарзандингиз уйдан чиқиш ва уйга кириш дуосини биладими?

Ҳар ким уйга кириш ва чиқишда дуо ўқишни одат қилса, ўзлари кутмаган даражада улкан муваффақиятларга эришадилар. Ушбу дуоларнинг маъноси бироз тафаккур қилинса, улар фарзанд тарбияси учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини англаймиз. Келинг, биргаликда тафаккур қилиб кўрайлик:

Уйдан чиқиш дуоси. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши уйидан чиқаётганда “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳи ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи” деса, ўша пайтда унга “ҳидоят қилиндинг, кифоя қилиндинг ва сақландинг”, дейилади. Шайтон ундан четланади. Бош­қа бир шайтон: “Ҳидоят қилинган, кифоя қилинган ва сақланган одамга нима ҳам қила олар эдинг?” дейди, дедилар».

Дуонинг маъноси: “Аллоҳнинг номи ила, Ўзигагина таваккул қилиб чиқаман. Ўзгартириш ҳам, куч-қувват ҳам фақат Аллоҳ ила бўладир”.

Уйга кириш дуоси. Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши уйига кирганда “Аллоҳумма, инний асалука хойрол мавлажи ва хойрол махрожи. Бисмиллаҳи валажнаа ва бисмиллаҳи хорожнаа ва ъалаллоҳи Роббина таваккалнаа”, десин. Сўнгра аҳлига салом берсин”, дедилар.

Дуонинг маъноси: “Аллоҳим! Албатта, мен Сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг исми ила кирдик. Аллоҳнинг исми ила чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккул қилдик”.

Кўриб турганингиздек уйга киришда ҳам, чиқишда ҳам бу дуоларни ўқиб юрадиган бўлсангиз сиз ўзингизга эмас, балки барча ишга қодир Зот Аллоҳ таолога суянаётган бўласиз. Ташқарига чиқаётганингизда У Зотнинг Ўзигагина таваккул қилаётган, Ўзидангина муваффақият сўраётган бўласиз. Ахир олдингизда ўта муҳим ва машаққатли ишлар сизни кутиб турибди. Ахир, У Зот Ўзидан ёрдам сўраганларни ташлаб қўймайди-ку. Уйга кираётганда-чи? Нима учун уйга киришда ҳам Аллоҳга таваккул қиламиз? Уйда бизни фарзандлар тарбиясидек буюк вазифа кутади.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

Read 987 times

Мақолалар

Top