Мақолалар

“Дунё учун тижорат қилмайман”

Ривоят қилишларича, Ҳорис ал-Муҳосибий болалик чоғида хурмо сотувчисининг эшиги олдида ўйнаб юрган болалар ёнидан ўтиб қолибди. Уларнинг ўйинини кузатиб турган Ҳорис олдига уйнинг эгаси (хурмо сотувчи) чиқиб: “Мана булар сенга, ол”, дея бир неча дона хурмо тутқазди. У эса: “Бу қандай хурмолар?” дея сотувчини саволга тутди. Хурмо сотувчи: “Ҳозиргина бир кишига хурмо сотган эдим, кетаётганида тушириб қолдирибди”, деб жавоб берди. Ҳорис: “Уни танийсизми?” деди. Сотувчи: “Ҳа, танийман”, деди. Ҳорис ўйнаётган болаларга қараб: “Бу одам мусулмонми ўзи?” деб сўради. Улардан “Ҳа” деган жавобни эшитган Ҳорис сотувчини ўша ҳолида ташлаб, ўз йўлига равона бўлди. Хурмо сотувчи унинг ортидан борди. Қўлидан ушлаб: “Мен ҳақимда қандай хаёлга борганингни айтмагунингча қўйиб юбормайман”, деди.

Ҳорис эса: “Агар сиз чин мусулмон бўлсангиз ўша хурмоларнинг эгасини қидириб топинг ва хурмоларни унга беринг. Ташналикдан томоғингиз қуриганда сув қидирганингиз каби қидиринг. Мусулмон бўла туриб мусулмон болаларга ҳаром едирмоқчимидингиз?” деди. Буни эшитган хурмо сотувчи: “Аллоҳга қасам, энди ҳеч қачон дунё учун тижорат қилмайман!” деди.

Ривоят қилинишича, Ас-Саррий ибн Муғоллас Ас-Сақотий устозига Марям сурасини ўқиб бераётиб, бир сўзнинг маъносини сўради. Устози эса: “Билмайман”, деди. У эса яна бир сўзнинг маъноси ҳақида қизиқди. Устози эса яна билмаслигини айтди. Ас-Саррий қироатни тўхтатиб: “Одамлар сизни олим деб билишади. Илмингиз йўқ бўлса, нима учун одамларнинг гапига алданиб юрибсиз? Улар билмай мақташса ғурурланиб юраверасизми?” деди. Буни эшитган устози уни калтаклай кетди. Ас-Саррий: “Эй устоз, билимсизлик ва жоҳиллик етмагандай, энди золимга ҳам айланмоқчимисиз?” деганида, устози тўхтади ва айбини тушуниб етди, уни кечирди. У ўша кундан бошлаб устозликдан воз кечиб, илм толибига айланди ва имкониятини илм олишга қаратди. У доим: “Мени жаҳолат кишанларидан Ас-Саррий озод қилган”, деб юрадиган бўлди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

 

Read 864 times

Мақолалар

Top