Мақолалар

Касалликларга шифо бўлувчи намоз

Аллоҳнинг муҳаббатига ва Ўзига яқин бўлишга олиб борувчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, тақводорларнинг завқи ва солиҳларнинг одати бўлган бу намозни кўпчилик эътибордан четда қолдиради.

Кимки ушбу намозни ўқиса мусибат ва ташвишлардан, ғам-ғуссалардан қутилади, қашшоқлик кўрмайди, ҳар бир дардига шифо топади. Охиратда эса Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ва мағфирати ила Жаннатига киритур: “Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритурмиз. Унда абадий – бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми?” (Нисо сураси, 122-оят).

Савол: Бу қандай намоз? У қандай адо этилади?

Шайх Маҳмуд Убайдий айтади: “Бу тунги намоз бўлиб, у фарз намозлардан кейинги энг яхши намозлардан бири ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Қолаверса, Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандалари қаторида тунги намозни ўқийдиганларни алоҳида мадҳ этган: “Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар” (Фурқон сураси, 64-оят).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар” (Зориёт сураси, 15-17-оятлар).

Шунинг учун ушбу намозни тарк этмаслик ва эътибордан четда қолдирмаслик керак”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечанинг қиёмини лозим тутинг. Чунки у сизлардан олдин ўтган солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбат, ёмонликларга каффорот, гуноҳлардан қайтарувчидир”, дедилар.

Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “У жисмдан дардни кетказувчидир” деганлар.

Агар ушбу мақолани ўқиб бўлсангиз, Аллоҳ таолони зикр қилинг (Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи) ва яқинларингиз билан баҳам кўринг.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1854 times

Мақолалар

Top