Мақолалар

Маърифат жаҳолатдан афзалдир

Бу дунё – синов майдони. Ушбу майдонда ҳар ким ўзи учун белгиланган вақт сарҳадларини ўзи танлаган йўл орқали кечиб ўтади. Кимдир умрини савобли ишлар билан ўтказса, кимлардир ўзини хунрезликларга рўбарў қилади.

Ислом таълимотида ер юзини обод қилиш, эзгу амалларни бажариш, неъматларга шукрона келтириш, инсонларга яхшилик улашиш ва уларнинг ҳаётларини яхшилашга оз миқдорда бўлса-да ҳисса қўшиш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқ-у фасод қўзғаш, ноҳақ қон тўкиш, шунинг баробарида ўз жонига қасд қилиш каби қабиҳ ҳаракатлар қораланиб, улар амаллар экан таъкидланади.

Ислом – илму маърифатга асосланган дин. Унинг асосий манбалари ҳисобланувчи Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифда илм ўрганиш ва уни бошқаларга ўргатиш тарғиб қилиниб, унинг акси бўлган авомлик, билим олишга лоқайдлик қораланади. Сўзимизнинг далили сифатида Қуръони каримнинг илк ояти “Ўқи!” деган амр эканини айтиш жоиз. Бундан ташқари, Каломуллоҳнинг 811 ўрнида “илм” сўзининг турли маъноларида учраши унинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятининг қанчалик катта эканини белгилайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида олимларни яхши кўриш ва илмга муҳаббат қўйишга чақирганлар. Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулимиз: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар. Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганларини эшитдим: “Ким илм истаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига йўллаб қўяди. Фаришталар илм толиби учун қанотларини пасайтирадилар. Албатта, олим ҳаққига осмонлар-у ердагилар, ҳаттоки, сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан афзаллиги бадр кечасидаги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фарқи кабидир”.

Бугун диёримизда хоҳ диний бўлсин, хоҳ дунёвий бўлсин, илм олишга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Шунга қарамай, ўзини мусулмон билган айрим кимсалар содир этаётган нохуш вазиятларни ҳам эътиборга олишимиз лозим.

Гап шундаки, мусулмонларнинг ислом дини аҳкомларини тартибли равишда ва керакли услубларда ақидаси тўғри устозлардан ўрганмасликлари салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Бунинг сабаблари эса бир ёқламалик, бемазҳаблик, одобсизлик ва динда чаласавод одамларнинг ўз хоҳишлари асосида ғулувга кетишларидир.

Асл ислом арконларида эса илмсизлик, жоҳиллик қораланади ва доимо маърифат жаҳолатдан устун қўйилади.

Бугунги кунда турли экстремистик ва террористик ташкилотлар ислом ниқоби остида ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда инсонийликка зид бўлган турли хатти-ҳаракатларни бажармоқда. Бу йўлдан эса ўзларига динга муҳаббатли, аммо илми етарли бўлмаган ёки дин арконларидан умуман бехабар, содда мусулмонларни эргаштирмоқда. Ўзларини динимиздаги мўътабар исмлар билан номлаб ўта ялтироқ шиорларни кўтармоқда. Ислом таълимотларидан унчалик хабари бўлмаган кишилар, хусусан, ёшлар бундай кишиларнинг гапларига осонликча алданиб қоладилар.

Шундай экан, бизнинг олдимизга қўйган бош мақсадимиз – улғайиб келаётган ёш авлоднинг диний ва дунёвий билимларини ўстириш ва дунё ҳамжамияти билан ҳамнафас вояга етказиш ҳисобланади. Бу йўлда динимиз арконларини яхшилаб ўрганишимиз, мазҳабимиз уламоларининг этагини тутишимиз лозим.

Айни пайтда турли бизнинг мамлакатимизда ҳам турли экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолатга юз тутаётган кимсалар йўқ эмас. Уларнинг аксари ёшлар ва аёллар экани жуда оғриқлидир. Бу кимсалар экстремистларнинг бузуқ ғояларига ғарқ бўлмоқдалар. Уларнинг нотўғри талқиндаги “ҳижрат”, “жиҳод” каби тушунчаларини ёқлаб натижада қўпорувчилик, бузғунчилик мақсадида ўз ватанини тарк этишгача бормоқда.

Бунинг натижаси ўлароқ алданган кимсалар ўз ватани, оиласи, тинчлигидан ва соф эътиқодидан айрилиб, жоҳиллар орасида ваҳшийликларга қўл урмоқда. Уларни алдаб тузоғига тушириб олган раҳнамоларининг асл мақсади эса ўзлари жар солаётгандек динни ёйиш, уни ривожлантириш эмас, аксинча, уни йўқ қилишдир.

Таассуфки, ер юзининг турли бурчакларида гуноҳсиз одамларни оммавий ўлдириш, террор ва қўпорувчиликларнинг саноғига етиб бўлмай қолди. Соф эътиқодидан адашган кимсалар ҳар қандай шафқатсизлик ва золимлик, бузғунчилик ва ёвузликдан қайтмайди.

Тинчликка, жамият осойишталигига рахна соладиган хатти-ҳаракат, бошбошдоқлик ва террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлари саналади.

Қуръони каримда “Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди” (Бақара, 205), дейилган.      

 

Зиёда Алмедова

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Read 4458 times

Мақолалар

Top