Мақолалар

Расулуллоҳни (с.а.в) севасизми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

«Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Барчамизнинг «Аллоҳни севаман» деган даъвомиз бор, Аллоҳга муҳаббатим чексиз, деймиз-у  лекин, амалда исботлай оламизми? У  қайси  амалларда   зоҳир  бўлади? Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг изҳори жилд-жилд китоблар ёзиш,  шеърлар битиш ва қандайдир  баландпарвоз  гапларни гапириш   билан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш билан ўз ифодасини топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига бўйсунаётган инсоннинг Аллоҳга муҳаббати бор, десак бўлади.

Аллоҳ таоло – Мени севаман десанг, Менинг ҳабибимга бўйсунасан демоқда. Мана, Аллоҳ таоло Ўз Расулининг мақом-мартабасини бизга изҳор қилишининг намунаси. Агар Расулимга эргашмасанг, муҳаббатинг ёлғон, муҳаббатинг сохта, демоқда. Аллоҳ Ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунганимиздагина бизга муҳаббат қўяди. Аллоҳ таоло муҳаббат қўйган банда қиёмат куни жаннатга кириш ва Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтига муяссар бўлади. Шу дунёдаги мукофоти эса  Аллоҳ таоло ўз Расулига эргашган бандасининг гуноҳларини кечаман демоқда ва ўзининг умидбахш бўлган Ғофур – ўта мағфиратли ва Роҳийм – ўта раҳимли сифатларини айтиб башорат бермоқда.

Аллоҳ таолонинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат инсонни қандай ишларни қилишликка олиб бориши мумкин? Келинглар, бу тўғрисидаги мисолларни келтириб ўтайлик.

Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳтожлик етди. Бу муҳтожликдан бир неча кун давомида егулик бўлмади. Бу хабар ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга етиб борди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу нарсани кўтара олмадилар. Кўчага чиқиб, меҳнат қилиб бирор нарса топиб келиш учун хизматга бордилар. Бир яҳудийнинг қўлига мардикор бўлиб ёлландилар. Унинг боғини 17 челак сув билан суғориб бердилар. Яҳудий ҳар бир челаги учун биттадан хурмо бераман деди ва ҳазрати Али рози бўлдилар. Яҳудий хурмоларни кўрсатиб, хоҳлаганингни танлаб ол, деганида, ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ажва хурмосини танлаб олдилар. Ўша хурмони Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам ночор ҳаёт кечираётганларини билардилар. Шундан ҳайрон бўлиб: «Эй Али, буни қаердан олдинг?», деб сўрадилар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу эса, сизга етган муҳтожликни кўтаролмасдан, бировнинг боғини суғориб шу хурмоларни олиб келдим, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, бу ишни Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббатинг туфайли қилдингми?», дедилар. Ҳазрати Али: “Ҳа, шундай қилдим”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, энди тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай муҳтожликлар етадики, худди жала ёққанида юзи қандай ҳўл бўлиб кетса, шундай камбағалликлар етади. Кимки Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўядиган бўлса, тайёргарлигини кўраверсин. Унга шундай балолар келадики, ўша балоларга у қалқон бўлиб туриб беришига тўғри келади», дедилар.

Мана шу гапни эшитганидан кейин, анча-мунча одам, агар ундай бўлса, Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қўйишга ҳожат йўқ экан-да, деб юборади.  Чунки баьзилар бошига тушадиган турли-туман  кулфатлар, ҳар хил қийинчиликлар  ва мусибатлардан  холи   бўлиш  билан  бирга, кўплаб    неьматларга  эришиш  воситаси  ўлароқ  ибодатларни  амалга  оширади.  Лекин ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ундайлардан  эмасдилар. Шунинг  учун ҳам  мазкур хабардан  мутлақо  чўчимадилар,  балки  хурсанд бўлдилар, бу сўзлардан кейин кўзларига ёш олдилар. Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйганларнинг бошига бундай синовлар тушиши муқаррар. Илло, бу муҳаббат синовсиз бўлмайди.

Тасаввур қилинг, бир инсон оддий бир инсонга кўнгил қўйса, унинг бошига қанчалар мусибатлар тушади. Яқиндагина бир ёш йигит олдимга келиб, йиғлагудек бўлиб, бир қизни севиши, қиз камбағал оиладан экани, ўзининг оиласи бой эканини айтди. Ота-онаси у қизни олиб беришга қарши экан. Йигитни айтишича, у ўз ота-онаси бориб турадиган фолбиннинг ёнига бориб: «Агар ота-онам сизнинг олдингизга  келса, сиздан илтимос, уларга “Фарзандингиз ўша қизга уйланмаса, бўлмайди акс  ҳолда оқибати  ёмон  бўлади”, деб фол очиб беринг, дебди. Бир қизга бўлган нафсоний муҳаббат, ўз эгасини   иймонидан айиришга олиб боряпти. Йигитнинг улфатлари эса ўша қизнинг номусига тегсанг, қиз  сени устингдан шикоят ёзса, ота-онанг иложсизликдан у қизни олиб беришга мажбур бўлади, деб маслаҳат берибди. Яхши ҳам, озгина  тушунчаси, иймони ва диёнати  бор экан, менга: «Домла, ўртоқларим шундай маслаҳат беряпти, мен нотўғри бўлса керак деб ўйлаяпман, сиз нима дейсиз?», деб сўради. Буни қаранг! Бир қизга бўлган муҳаббат қандай ишларни қилишгача олиб бормоқда.

Энди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат имтиҳонсиз, синовсиз бўладими?

Баъзи бир инсонлар: «Намоз ўқисам, рўза тутсам, Қуръон тиловат қилсам, ибодатларни адо этсам, барибир, ҳамон ишларим орқага кетяпти»«қизларимнинг бахти очилмаяпти»«ўғилларим ўттизга яқинлашиб қолди, уйлантиролмаяпман»«қайси ишга қўл урсак юришмайди» ва бошқа шунга ўхшаш муаммоларни айтади. Уларнинг намоз ўқиши, рўза тутиши ва бошқа амалларни қилиши, ўша балоларни келишига сабабчи эмасми? Нима учун? Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатингиз сизни намоз ўқишингиз, рўза тутишингиз, тиловат қилишингизга сабаб бўлмоқда. Шунинг ҳисобига, сизга балолар келмоқда. Буни хурсанд бўлиб, шодлик билан кутиб олиш керак. Нимага? Чунки, менинг муҳаббатимнинг самараси ўлароқ, Аллоҳ менга шу синовларни юборяпти, деб кутиб олиш керак. Агар муҳаббатингиз бўлмаганида, бошингизга Аллоҳ синовларни юбормаган бўларди.

Қанчадан қанча мушриклар, кофирлар, мунофиқлар кайфу сафо қилиб, ялло қилиб яшаяпти. Нима учун? Чунки уларга бу дунёда имтиҳон йўқ. Зотан, улар имтиҳон бўладиган хонага ҳам киролмаганлар. Имтиҳон бўлаётган хонага кириш учун «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» калимаси керак. Улар имтиҳонга яқинлашолмайди ҳам! Дарвозасидан ҳам киролмайди!»,

Талаба бўлишни  истаган ҳар бир йигит ва қиз ўз хоҳиши билан имтиҳон топшириш жойига келади. Агар имтиҳонни хоҳламаса, имтиҳон топширмасдан кўчада юраверсин эди. Бўлажак талаба ҳужжатини топширади, бир ўринга ўнта киши талашиб туради. Бор-будини сарф қилиб бўлса ҳам, шу имтиҳондан ўтишга ҳаракат қилади. Лекин кимлардир кўчада кайф-сафосини қилиб юрибди, ўқишга ҳаракат ҳам қилмайди. Агар сизни унга ҳавасингиз келса, олийгоҳнинг эшигидан кирмасдан, ҳужжатларни топширмасдан, имтиҳонга кирмай ялло қилиб юраверинг эди. Ўз хоҳишингиз ила  бордингиз ахир!

Имтиҳонга киришни бутун вужудингиз билан талаб қиляпсизми, демак, сиз «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси билан очиладиган эшикни ўз  ихтиёрингиз ила очдингиз, мўмин-мусулмон бўлдингиз. Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббатим бор деб даъво қиляпсизми, энди имтиҳонга чиданг, сабр қилинг! Келиб, «Дод!», деб юборманг! «Қийин бўлиб кетди...», «У бўлмай қолди, бу бўлмай қолди...», «Нима қиламиз энди, яшашга қўядими ёки йўқми?», деманг! Мўминмисиз – яшанг! Иймонингиз борми – чиданг! Сабр қилинг!

Худди шундай. Саҳобалар ҳам Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: 

«Ё, Расулуллоҳ, кофирларни дуои бад қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилманглар. Сизлардан олдингиларнинг гўштларини темир тароқ билан шилиб, суягигача ажратиб тараганларида ҳам иймонидан қайтмаганлар, шошилманглар, шошиляпсизлар», деганлар.

Бизларнинг эса арзимас имтиҳонларга чидолмасдан, муҳаббатимиз синовдан ўтолмасдан қолаётганларимиз кўп.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қиёматга нима тайёргарлик кўрдингки, уни сўраяпсан?», дедилар. Ўша саҳоба: «Ё Расулуллоҳ, менинг қиёмат учун Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сен кимни севсанг, қиёмат куни ўшалар билан бирга бўласан», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сен кимни севсанг ўшалар билан бирга бўласан», сўзларини эшитганда хурсанд бўлганчалик, ҳеч қачон хурсанд бўлмагандик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севаман, Абу Бакрни севаман, Умарни севаман ва қиёмат куни улар билан бирга бўлишни умид қиламан», дедилар (Икки шайх ривоят қилган).

Мана шу дил изҳорини эшитгандан кейин, ҳаммамиз: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севаман, Абу Бакрни севаман, Умарни севаман, Усмонни севаман, Алини севаман, Анас ибн Моликни севаман ва улар билан бирга бўлишни хохлайман” деб айтишимиз керак. Шундагина ҳақиқий муҳаббат бўлади. Анас ибн Моликнинг қобилиятларини, иқтидорларини, тадбиркорликларини қаранг. Жойида жавоб бердилар, уларни севишларини билдирдилар. Биз ҳам шундай бўлишимиз керак. Ана шундай муҳаббат эгалари бўлсак, иншааллоҳ нажот топамиз.

Бошқа бир ривоятда: «Талҳа ибн Барро розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёпишиб оёқларини ўпдилар-да: «Ё Расулуллоҳ мен сизни шундай севаманки, мени қандай ишга буюрсангиз шуни қиламан», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни синамоқлик учун: «Бориб отангни ўлдир», дедилар. Талҳа ибн Барро розияллоҳу анҳу шартта ўгирилиб, оталарини ўлдириш учун кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўхта, мен силаи раҳмни узишлик учун келмаганман, бу ишингдан қайт», дедилар. Синовни қаттиқлигини қаранг! Имтиҳонни қаранг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Талҳа розияллоҳу анҳунинг муҳаббатларига қандай жавоб бердилар? Талҳа розияллоҳу анҳу бетоб ётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини зиёрат қилдилар ва бу касаллик Талҳа розияллоҳу анҳуни олиб кетишини билдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аҳлларига, агар Талҳа ҳақида бирор хабар келса менга хабарини беринглар, дедилар. Кечга яқин Талҳа розияллоҳу анҳунинг вафотлари хабари келди ва кеч бўлиб қолганлиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишмади. Эртаси куни саҳар вақтида Талҳа розияллоҳу анҳу вафотларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганларида, қишнинг совуқ кунида, саҳарда Талҳа розияллоҳу анҳунинг жанозасига бордилар ва унда саф тортиб турилганда: «Эй Роббим, Талҳага табассум қилиб турган ҳолатингда Талҳани ўзингга йўлиқтиргин ва Талҳа ҳам сенга табассум қилган ҳолатида Ўзинг билан қовуштиргин» деб дуо қилдилар.

Нимага шундай дуо қилдилар? Чунки  Талҳа розияллоҳу анҳунинг илтимослари шу эди.  У киши: «Мени тезроқ кўминглар, Роббим билан мени тезроқ учраштиринглар. Тезроқ дафн қилинглар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жанозамга чақирманглар. Чунки у зот жанозамга келаётганларида, йўлда бирор  яҳудий уларга мен сабабли зарар бериб қўйишидан қўрқаман», деган эканлар. Мана шу ҳақиқий муҳаббатдир. Аллоҳ  таоло барчамизга  ана шундай  муҳаббатли ва  ихлосли бўлишни  насиб  айласин.

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,

ЎМИ  масжидлар  бўлими  ходими

 

 

Read 5128 times

Мақолалар

Top