Мақолалар

Расулуллоҳга (с.а.в) мактуб

 (Танловга эмас)

Ассалому алайкум, ё меҳрибонимиз, мушфиғимиз!

Биз ожиз бандаларини бир юз йигирма тўрт минг пайғамбари ичидан айнан Сизга уммат бўлиш шарафига муяссар айлаган Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Сизнинг ўзингизга дуруду салавотларимиз, аҳли байтингизга, асҳобларингизга дуо саломларимиз бўлсин!

Жоним Сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Сиз таваллуд топган фазилатли ойда барча умматларингиз, муборак суратингиз, сийратингиз, ахлоқингиз ва жамики хислатларингизни таърифлаб, бир-бирига таълим бериб, мавлудлар ўқиб, шоирлар ашъорлар битиб турган фараҳли паллада мен ўз муаммоим ҳақида ёзишга журъат қилдим. Бу густоҳлигим учун минг бор узр сўрайман. Аммо ёзмасам бўлмас эди.

Ҳосили калом, кеча синфдош дўстимнинг қиблагоҳи вафот этди. Ишга бораётганимда қўнғироқ қилди. Элликка кирган одам худди кичкина боладек ҳўнграб йиғлайди. Менинг ҳам ўпкам тўлиб кетди. Аммо ёнимда ўтирган ўғлимдан уялиб кўз ёшимни яширдим. Дўстларни хабардор қилиб қўйишни тайинлади. Ҳаммага айтдим. Кечқурун йўлга чиқмоқчи бўлдик.

Аммо кечга бориб ҳаммасининг иши кўпайиб қолди. Уларнинг мужмалликлари, тезда бир қарорга кела олмагани оқибатида алламаҳал бўлиб кетди. Икки киши қолдик. Эрталаб йўлга чиқадиган бўлдик. Хуфтонда, бомдодда марҳумнинг руҳи шод бўлсин деб дуолар қилдим.

Эрталаб йўлга ҳозирланиб турганимда кийиниб, мактабга чиқаётган қизимнинг этигининг боғи узилди (замоги бузилди), ўзи эскироқ эди. Аксига олиб мактабида қандайдир тадбири бор экан...

Шунда “Барибир жанозага етиб бора олмаймиз, Тошкентга қайтганида кўнгил сўрагани уйига бора қоламиз, боришга-қайтишга таксига берадиган пулни унга ёрдам қилиб бера қолармиз, бугун эса қизимга этик олиб бера қолай”, деб ўйладим.

Бу таклифим шеригимга ҳам маъқул бўлди. Қишлоқдаги ҳожи дўстимизга қўнғироқ қилиб, бизнинг узримизни айтиб, ҳамдардлигимизни етказиб қўйишни илтимос қилдик.

Ўзимнинг онам ўтганида ҳам, отам ўтганида ҳам Тошкентдаги дўстларга хабар қилиб, “Жонларингни хатарга қўйманглар, узоқ йўл”, деб уларни огоҳлантирган эдим ва уларни кутмаган эдим. Аммо уларнинг баъзилари барибир борган эди.

Энди, ҳаво бир оз ёришса, қизимга этик олиш учун бозорга бораман, шунгача ишларимни қилиб олай, деб компьютер қаршисида ўтирибман. Аммо хотиржам эмасман, юрагимни биров ғижимлаб турганга ўхшаяпти. Ахир вафот этган киши бошланғич синфда дарс берган устозимиз, синфдош дўстимнинг отаси.

Бир оздан сўнг жаноза ўқилади. Мен хато қилдимми, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам!..

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 5984 times

Мақолалар

Top