Мақолалар

“Биздан эмасдурлар Ватанни севмаганлар”

Ватан бу – инсоннинг ўзи яшаб турган, авлод ва аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой бўлиб, унга инсоннинг оиласи, туғилиб ўсган маҳалласи, вояга етган шаҳар ёки қишлоғи, унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи мамлакат киради. Ватан бу – бир заминда яшаётган инсонларнинг миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, бирлаштирувчи ижтимоий тушунча.

Кимнингдир Ватани чиройли, гўзал, сўлим табиатли, мўътадил ҳароратли бўлса, кимлардир тап-тақир саҳро ёки доимий қаҳратон совуқ ёхуд жазирама иссиқ бўлган жойларни ўзларига Ватан деб билади. Лекин шунга қарамасдан, уларнинг барчаси ўз Ватанини севадики, бу инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ҳар бир ўзлигини англаган инсон ватанда яшар экан ўзини ҳузур-ҳаловатда, ундан узоқ бўлганда соғинчда хис қилади.

Ватанга садоқат ватанпарварлик деб улуғланса, ватанига хоинлик қилиш  ватанфурушлик,  дея қораланади. Тарих ўз ватанига содиқ бўлган мард қаҳрамонлар билан бирга, ўз ватанини сотган хоинларлар билан тўладир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ёшларимизга тарихни пухта ўргатишга катта эътибор берилмоқдаки, ёшларимиз бундан ибрат олсин ва Ватаннинг садоқатли фарзандлари бўлсин.

Ватан ҳимояси фақат ҳарбий соҳа фаолияти билан амалга ошмайди. Чунки бугунги кунда шундай услублар вужудга келганки, муайян ҳудудда уруш ва низоларни келтириб чиқариш, инсонларни бир-бирларига душман қилиб қўйиш, бойликларини талон-тарож қилишни интернет тармоғи орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Бугунги глобаллашув жараёнлари шиддат билан ўсиб бораётган, ахборот урушлари авжига чиққан таҳликали замонда яшар эканмиз, Ватанимиз хавфсизлигига ҳеч биримизнинг бефарқ бўлмаслигимиз, ёт ғоялар таъсирига берилмаслигимиз, ёвуз ва манфур тоифаларнинг фитналарига алданмаслигимиз даркор.

Жамиятнинг соғлом ва барқарорлиги унинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини сидқидилдан амалга ошириб боришидадир. Таълим соҳаси вакиллари юрт келажаги бўлган ёшларни ўзларидан-да яхшироқ бўлган мутахассислар қилиб етиштирса, тиббиёт соҳаси вакиллари халқимиз саломатлигини таъминлаб берса, деҳқонларимиз дастурхонларимизни ноз-неъматларга тўлдирса, уста-ҳунармандларимиз ўз ишлари билан жаҳон аҳлини лол қолдирса, меъморларимиз кўркам ва барҳаёт бинолар барпо этса, олимларимиз янгидан-янги кашфиётлар қилса, ҳарбийларимиз Ватанни ташқи душмандан, ички фитналардан ҳимоя қилса, диндорларимиз халқни маънавий камолот сари етакласа – бундай жамият барқарор, юрт тинч, халқ фаровон, давлат мустаҳкам бўлади.

Донишмандлар тўрт нарсанинг сотилмаслигини айтган. Улар: инсоннинг дини, иймони, танаси ва Ватани. Кимда ким ушбу қоидага риоя қилмас экан, у инсонийлик чегарасидан чиққан ҳисобланади. Зотан, Алихонтўра Соғуний  ҳазратлари “Биздан эмасдурлар Ватанни севмаганлар” деб,  бежизга айтмаган.

Акбаржон Умурзоқов,

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Read 5035 times

Мақолалар

Top