Мақолалар

Ногирон эмас, ногиронлиги бор

Қайсики мамлакатда биргина ногирон бола дунёга келса, ўша мурғак жоннинг дардини Аллоҳ таоло унинг ота-онаси, маҳалласи, борингки, бутун жамият учун синов қилиб юборган бўлади.

Бунда инсонларнинг Аллоҳ таоло берган дардга нисбатан муносабати қандай бўлади?  Жамият аъзолари  ўша кўнгли ярим, яъни жисмида нуқсони бор болага Ўзи таълим берганидек, меҳр-мурувват кўрсата оладими; унга жамиятнинг бошқа аъзолари каби муносабат кўрсатиб, таълим-тарбия бериб, ўқитиб-ўргатиб, соғлигига тўғри келадиган ҳунарга йўллаб, жамиятнинг тўлақонли аъзолари сафидан жой ола билишини таъмин эта оладими? Ана шу масалалар устида синовдамиз, азизлар.

Биз, аслида, ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатиб, уларга сирдош, дилдош бўлиб, қўллаб-қувватлаб турган ҳолимизда Раббимизнинг зиммамизга юклаган амлларидан бирини бажараётган, яъни ўзимиз учун ажру савобларга эришётган бўламиз.

Мана, биз бандаларга меҳрибон Парвардигоримизнинг марҳамати!

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга кўра “ногирон” тушунчаси муомаладан чиқарилмоқда ва унинг ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамаси муомалага киритилмоқда ва айнан шу ҳужжатга мувофиқ “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.

Ушбу фармоннинг замирида ҳикмат – ногирон кишиларнинг сифатини айтганда, уларнинг кўнглини ўкситмаслик учун ушбу атама Давлат раҳбарининг фармонида ўзгартирилиши давлатимизнинг ушбу тоифага эътибори қанчалик баландилигининг яққол намунасидир.

3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни. Ушбу сана юртимизда 1992 йилдан дунё миқёсида кенг нишонланади ва таълим муассасалари, турли ташкилотлар, бутун жамоатчилик иштирокида кенг кўламдаги тадбирлар ўтказилади. БМТ ташаббуси билан ногиронлар иштирокида рассомлик ва мусиқа соҳаларидаги танловлар, кўргазмалар, конференция ва семинарлар ташкиллаштирилади.

Ана шундай байрам тадбири бугун Тошкент шаҳридаги муҳташам “Султон” ресторанида ўтказилди. “Инсон манфаатлари устундир бизда” номли хайрия тадбирига Тошкент шаҳридаги жисмоний имконияти чекланган инсонлар таклиф этилди. Мазкур тадбирда  Шайхонтоҳур  тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли бошчилигида “Шайх Зайниддин” жоме масжиди ходимлари ва muxlis.uz диний-маърифий сайти жамоаси ҳам иштирок этди.

Тадбирда ногиронлиги бўлган болаларга тўкин дастурхон ёзилиб, дилдан суҳбат қилинди. Ногиронлиги бўлган болаларнинг ижодий ишлари: ёзган шеърлари, ижро этган қўшиқлари тингланди; чизган расмлари ва ясаган ижодий ишлари томоша қилиниб, уларга рағбатлантирувчи мукофотлар берилди. Шунингдек, таклиф этилганларга Одилхон қори Юнусхон ўғлининг маънавий камолотга етакловчи маърузалари жамланган аудио-видео дисклари ва китоблари совға қилинди.

ЎМИ матбуот хизмати

Read 6355 times

Мақолалар

Top