Мақолалар

Касбларнинг афзали

Тижорат билан шуғулланиш касбларнинг афзалидир, чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ушбу касб соҳиби бўлганлар, бу касбда барака бор. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тижорат билан шуғулланинглар, чунки ризқнинг 10 эшигидан 9 таси тижоратдадир”, деганлар (Саид ибн Мансур ривояти).

Савдо билан шуғулланадиган ҳар бир мусулмон шариатда кўрсатилган сифатлар билан хулқланиши лозим. Шунда унинг савдосида барака бўлади. Савдогар тижорат қилиш билан Аллоҳ таолонинг розилиги ва оиласининг эҳтиёжларини ҳалол йўл билан қондиришни ният қилиши, қарздорларнинг қарзини узиш, мискинларнинг ҳожатини чиқаришда пешқадам бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Тижоратчи қўлидаги барча нарсаларни Аллоҳнинг мулки, ўзини эса, молни ҳақдорларига етказувчи банда деб билиши керак. Бу ҳақида Аллоҳ таоло  шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир” (Фотир, 29-30).

Савдогар ўз тижоратини ризқ берувчи деб ўйлаб қолмай, “Ризқ берувчи ёлғиз Аллоҳ таоло”, деган эътиқодда бўлиши лозим. Ёмғир ёғаётганда, челак қўйиб сув тўпланди. Мазкур ҳолатда челак сувни пайдо қилувчи эмас, балки уни тўпланишига сабаб бўлади. Шунингдек, касб-ҳунар ҳам банданинг ризқланиши ва насибасини йиғишга сабаб бўлади.

Закий Усмоний ўзининг бошидан ўтказган бир воқеани ҳикоя қилиб шундай дейди: “Менинг китоб дўконим бор эди. Бир куни қаттиқ жала қуйди. Бу ҳавода дўконга бормасаммикин, бунақа шароитда одамлар кўчага чиқмайди, савдо ҳам бўлмаса керак, деб ўйлаб қолдим. Кейин бирдан хаёлимга “Ризқ омилларини бажариш банданинг вазифаси. Ризқ бериш эса Аллоҳга хос”, деган фикр келди. “Ризқ талабида дўконни очиб туришим керак, савдонинг юришиши Аллоҳнинг ихтиёрида”, деб уйдан чиқдим. Бориб, дўкон эшикларини очиб, пештахталарни осиб қўйиб, Қуръон тиловатига киришдим. Бироз вақт ўтиб, одамлар аста-секин савдо қилиш учун дўконга кира бошладилар. Аллоҳга шукрлар бўлсин, бошқа кундаги савдолардан қолишмайдиган савдо ва фойда ҳам шунга яраша бўлди”.

Савдогар тижорат илмини билиши фарздир. Токи тижорат илмини билмасдан ношарий йўл билан савдо қилмасин. Бу ҳақида Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Бизнинг бозорда савдо қилиш илмини билганлар савдо қилсин! Акс ҳолда рибога қўл уриб қўяди”, деган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Судхўрлик 73 хил бўлади. Рибо турларининг энг кичигининг гуноҳи, киши ўз онаси билан зино қилган билан баробардир” (Имом Ҳоким ривояти).

Ҳакимлардан бири бундай дейди: “Савдогар тилини ёлғон, фаҳш сўзлар ва қасам ичишдан сақласин. Қалбини кўз бўямачилик, хиёнат ва ҳасаддан покласин. Намозларни жамоат билан адо қилиб, илм талаб қилиш учун вақт ажратсин ва Аллоҳ таоло розилигини ҳар нарсадан устун қўйсин. Ким мазкур ишларни бажармаса, икки дунёда камбағал бўлиб қолади”.

Савдогар ҳаром ва шубҳали нарсалардан сақланиши лозим. Ҳалол йўл билан мол топиши ва Аллоҳ ризолиги учун сарф қилиши керак. Шунингдек, луқмаси ҳам ҳалол бўлиши зарур. Чунки бунга Аллоҳ таоло буюради: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 168).

Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ҳаром мол топиб, ундан садақа қилса, қабул қилинмас. Ҳаром молдан бирор нарсага сарф қилса, унга барака берилмас. Ҳалол бўлмаган мол мерос қолдирилса, дўзахга киришига сабаб бўлувчи озуқа бўлади. Аллоҳ таоло гуноҳни ёмонлик (гуноҳ) билан кетказмайди. Балки ёмонликни яхшилик билан кетказади…”, дедилар" (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳошим Авқос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан эшитдим, у киши бундай дерди: “Ким бирор кийимни ўн дирҳамга харид қилган бўлсаю, ундан бир дирҳами ҳаромдан топилган бўлса, уни кийиб ўқиган намозларини Аллоҳ таоло қабул қилмайди. Сўнгра икки бармоқларини қулоқларига киргизиб: “Агар бу сўзларни Расулуллоҳдан эшитмаган бўлсам иккала қулоғим кар бўлсин, иккала қулоғим кар бўлсин”, деб икки-уч марта қайтардилар (Имом Аҳмад ривояти).

Савдогар ҳийла билан мол сотмаслиги лозим. Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га касбларнинг энг афзали қайси экани ҳақида савол берилди: “Банда ўз қўли билан қиладиган иш ва мабрур тижорат”, деб жавоб бердилар (Имом Ҳоким ривояти). “Мабрур тижорат”дан мурод фириб бермаслик, алдамаслик, қалбакилаштирмаслик, тарозидан уриб қолмаслик, ўлчовда уриб қолмасликдир.

Восила ибн Асқаъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким айбли нарсани сотиб, айби борлигидан олувчини хабардор қилмаса, доим Аллоҳнинг ғазабида бўлади ёки фаришталар тўхтовсиз унга лаънат айтадилар”, деяётганларини эшитдим”(Ибн Можжа ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг”, дедим. У зот: “Эй, Анас, касбингни пок қилгин, дуойинг қабул бўлади. Чунки, банда оғзига ҳаромдан бир луқма солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас”, дедилар.

Савдогар хуш хулқли бўлиб, барча билан чиройли муомала қилиши лозим. Ҳақни адо қилишга муҳлат сўралганда муддат бера олиши, тўловига имконияти йўқ камбағал билан савдо қилиб, унинг қарзни ҳаммасини ёки бир қисмини кечиб юбориши ва барча билан бирдек гўзал муомала қилиши савдогарнинг охират мусибатларидан омонда бўлиши, Аллоҳ таолонинг раҳмат соясидан жой олиш ва жаннатга кириши учун восита бўлади. “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши одамлар билан қарз олди-берди муомалаларини қилар ва йўқсил одамнинг қийналишини кўрса, ўзининг қўл остидаги йигитга: “Қарзни сўраб йўқсил одам олдига борсанг, ундан кечиб юбор. Шояд Аллоҳ таоло бизлардан ҳам (гуноҳларимизни) кечиб юборса”, дерди. У вафот этиб Аллоҳ таолога рўбарў бўлганда, Аллоҳ ҳам ундан кечиб юборди”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).

Савдогар ночор кишининг ночорлигидан фойдаланиб қолишга уринмаслиги лозим. Мизҳар ибн Абдулмалик (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Бир киши Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурига мато олиб келиб, сотмоқчи бўлди. У зот эса баҳосини сўради. У: “Минг дирҳам”, деди. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) эса: “Бу ундан қиммат туради”, деб, охирида саккиз минг дирҳамга сотиб олди”.

 

Жамолиддин МАВЛОНОВ,

“Масжиди Калон” жоме

масжиди имом-хатиби.

Read 5716 times
Tagged under

Мақолалар

Top