Янги оила барпо қилишга илк қадам совчиликдан бошланади. Совчи – оила барпо қилишдек савобли ва масъулиятли ишни амалга оширувчидир. Шу боисдан совчилик мобайнида икки тараф нималарга эътибор қилиши кераклиги борасида динимиз кўрсатмаларига назар соламиз.
Совчилик – ёш йигитни ёки қизни никоҳлаш учун бир хонадонга бориш демакдир. Совчилик фақат йигит тарафидан эмас, балки қиз тарафдан ҳам бўлиши мумкин.
Совчиликнинг бу икки тури ҳам ўз навбатида икки қисмга бўлинади:
никоҳланувчининг ўзи совчи бўлиши;
совчилик учун бошқа бировни вакил қилиши.
Буларнинг ҳаммасини қўшиб айтадиган бўлсак, совчилик тўрт турга бўлинади.
Биринчиси, йигитнинг ўзи совчи бўлиши. Бу ҳолат саҳобаи киромлар орасида ҳам, ундан кейин ҳам кўп бўлган. Халқимизда бу турдаги совчилик урф бўлмаса-да, баъзи ҳолларда эшитиб қоламиз. Бу турдаги совчиликка мисол қилиб Али карромаллоҳу важҳаҳунинг Фотима онамизга совчи қўйганликларини келтиришимиз мумкин.
Иккинчиси, йигит совчилик учун бирор кишини вакил қилиши. Бу турдаги совчилик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам ҳозир ҳам совчиликнинг энг оммабоп тури бўлгани боис бунга ортиқча изоҳ беришга ҳожат йўқ. Бироқ, шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим. Совчиликнинг бу турига оид кўплаб ривоятлар мавжуд. Бу ривоятларнинг деярли барчасида вакил бўлган кишилар эркак киши бўлган. Шулардан Билол розияллоҳу анҳунинг ўз укаси номидан, Умар розияллоҳу анҳунинг фарзандлари номидан қилган совчиликлари машҳур. Уларнинг ҳеч қайсиси мол-дунё, келин-куёвнинг сарполари ҳақида оғиз ҳам очмаган. Шу боисдан ҳам аёллар ўрнига эркаклар совчилик қилса, янги оила барпо қилишдек савобли ишга ўзлари бош бўлса арзимас дунё матолари деб кўплаб оилалар бузилиб кетмас эди. Мана шундай қатъият, яхши ният, ихлос билан қурилган оилалардан Умар ибн Абдулазиздек одил инсонлар, Имом Бухорий, Имом Термизийдек забардаст олимлар дунёга келган бўлар эди.
Учинчиси, қиз ёки аёлнинг ўзи совчи бўлиши. Динимизда совчиликнинг бу тури ҳам мавжуд. Бироқ, аёлларнинг шаънини улуғлаш учун бу совчилик деб эмас “таклиф” деб юритилгани ҳамда бизнинг урфимизда бу ҳолат деярли содир бўлмагани учун одамлар мумкин эмас деб ўйлаб қолишган. Бу турдаги совчиликка мисоллар жуда кўп. Хадича онамиз никоҳига олишлари учун ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таклиф қилганликлари ҳам айни ҳақиқат. Аслида, никоҳ ўз умрини бирга ўтказиш учун солиҳ, одоб-ахлоқли, хушфеъл ва салоҳиятли жуфт топиш билан бўлади. Шу боисдан ҳам Хадича онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги омонатдорлик, гўзал одоб-ахлоқни кўргани учун аёллигига ҳам, ёшининг катталигига ҳам қараб турмасдан ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таклиф қилдилар. Натижада, бутун инсониятнинг саййида аёлларидан бирига айландилар. Қиёматгача одамлар яхши ном билан, муҳаббат билан, дуолар билан тилга оладиган инсонга айландилар.
Тўртинчиси, қиз ёки аёл номидан вакил кишининг совчи бўлиши. Совчиликнинг бу тури ҳам жуда машҳур. Аллоҳ таолонинг каломи шарифида ҳам совчиликнинг бу тури борасида қуйидагича оят мавжуд:
قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنْكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَى أَنْ تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ
(Шуайб алайҳиссалом) айтди: “Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман...” (Қасас сураси, 27-оят).
Оятда Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга ўз қизларидан бирини таклиф қилгани келтирилмоқда. Бундай турдаги совчилик ҳам жуда машҳур. Умар розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалар, қолаверса, кўплаб уламоларимиз ҳаётида ҳам ўз қизлари учун совчи бўлганини учратишимиз мумкин.
Совчилик қандай турларга бўлинишини билиб олдик. Энди мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган ҳолатларини мулоҳаза қилиб кўрсак.
Динимизда бирор бир кишининг никоҳи (ёки унаштирув) остида бўлмаган, мусулмон ёки аҳли китоб аёлларга совчи қўйишга изн берилади.
Қуйидаги ҳолатларда эса аёлларга совчи қўйиб бўлмайди:
1 Бошқа бир мусулмоннинг аёли бўлса;
Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай буюради:
“... Яна, эрли хотинлар... (никоҳи ҳам ҳаром қилинди)...” (Нисо сураси, 24-оят).
- Бошқа бировга унаштирилган бўлса;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши бошқа бир мусулмон қўйган совчи устига совчи қўйишдан қайтарганлар. Икки совчининг бир вақтда келиб қолиши совчилик устига совчи қўйиш ҳисобланмайди.
- Талоқ иддасида ўтирган аёлга;
Бироқ, бунда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Агар аёл талоқ иддасида эмас, балки эри вафот этгани сабабли идда ўтирган бўлса, иддаси вақтида эркак киши унга уйланиш истаги борлиги ҳақида яқин қариндошлари орқали ишора қилиб қўйиши мумкин.
- Мушрика аёлга;
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Мушрика аёлларни, то иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг...” (Бақара сураси, 221-оят).
Ота-боболаримиз муқаддас динимиз буйруқларини ўз ҳаётига дастурул-амал қилиб олганлар. Бунинг исботини ҳаётнинг турли соҳаларида кўришимиз мумкин. Хусусан, никоҳ борасида ота-боболаримиз диндор ва салоҳиятли бўлишга эътибор қаратганлар.
Ҳар бир мусулмон киши ўз ҳаёт йўлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромларини ўрнак қилиб олади. Совчилик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай йўл тутгани барчамиз учун айни муддао.
Шу сабабдан ҳам Али розияллоҳу анҳунинг Фотима онамизга совчи бўлгани воқеасини яна бир бор эсга оламиз.
Мусулмонлар ташвишлари кўпайиб кетганидан Фотима онамиз никоҳи тўғрисида унутилаёзди. Шу боисдан саҳобаи киромларнинг улуғлари Фотима онамиз ёшлари ўтиб бораётганидан хавотирга тушдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу совчи қўйиб кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлмадилар. Саҳобаи киромлар Али розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб Фотима онамизни сўрашини тавсия қилдилар. Али розияллоҳу анҳу эса: “Абу Бакр ва Умардек кишиларга бермадилар-ку, менга қандай қилиб Фотимани беришлари мумкин”, дедилар. Саҳобийлар: “Фотима учун сендан ҳам муносиброқ бошқа бировни кўрмаяпмиз. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени жуда яхши кўрадилар, албатта, сенга беради”, дедилар. Қиссани давомини Али розияллоҳу анҳу қуйидагича давом эттирадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотимага уйланмоқчи эканим ҳақида айтишни ўйлаб юрдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига бориб, у зотнинг ҳузурларига кирдим. Дилимдаги ўйлаб юрган фикрлар ҳақида айтмоқчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қарадим. Шунда у зотнинг салобатлари босиб, хижолатдан юзларим қизарди, тилимга бирор калима ҳам келмай қолди. Менда хижолат ва уятдан шундай ўзгариш бўлдики, бу фақатгина Аллоҳга аён. Жим туриб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар-да, шундай дедилар: “Ҳой, Али, гўёки Фотимани (никоҳингга олмоқни) хоҳлаётганга ўхшайсан-а?!”. Мен: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. У зот: “(Уйланиш учун) молинг борми?” дедилар”.
Ҳолбуки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳунинг бирор нарсаси йўқлигини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳунинг қўй жунидан тўқилган бир кийими бўлиб, кечаси ўшанинг устида ухлар, кундузи эса устига ташлаб, ўраниб юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир бор: “Бирор бир маблағинг борми?!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Ҳеч қандай мол-давлатим йўқ, эй, Аллоҳнинг Расули”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўйлаб кўрчи!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, менда на дирҳам бор ва на динор. Ҳатто хурмо ҳам, дон ҳам ва ё забиб ҳам йўқ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилаб ўйлаб кўр! Ҳеч қандай қурол-аслаҳанг ҳам йўқми?!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Икки дирҳамга ҳам етмайдиган совутим бор, мен уни жанг майдонида кийиб юраман”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни келтиришни буюрдилар. Али розияллоҳу анҳу чиқиб, хижолатомуз ҳолда уйга бордилар ва совутларини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келдилар. Совутни У зотнинг олдиларига қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу – Фотиманинг маҳридир. У (Фотима) рози бўлди. Сен ҳам уни қабул қилдингми, эй Али!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Қабул қилдим”, деди. Шундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энди Фотима сенинг жуфти ҳалолингдир”, дедилар. Сўнгра Али розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳони олиб уйга бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига: “Тўй дастурхони ёз”, деб буюрдилар. Али розияллоҳу анҳу: “Менинг ҳеч вақоим йўқ, ё Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар оналарининг уйларига боринглар, бирор егулик сўранглар!”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари учун алоҳида-алоҳида хоналар қилинган эди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бирида ухламоқчи бўлиб ётсалар, хона кичкина ва торлигидан У зотнинг бошлари хонанинг иккинчи тарафига тегиб қолар эди. Саҳобаи киромлар Умму Салама розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар. У ердан бир қанча нон бўлаклари топишди. Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига бордилар. Оиша онамиз: “Аллоҳга қасамки, менинг олдимда ҳеч бир егулик қолмаган”, дедилар. Зайнаб онамизнинг ҳузурларига бориб, у ердан забиб топдилар. Бошқа бир онамизнинг уйларидан сут топилди. Барча егуликлар тўплангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни менинг олдимга олиб келинглар, барака сўраб дуо қиламан”, дедилар. Сўнгра Али ва Фотималарнинг таомларига барака сўраб дуо қилдилар. Аллоҳнинг изни билан барча одамлар тўйдилар. Али ва Фотима розияллоҳу анҳумолар Аллоҳнинг зикри ила янги оилани барпо эта бошладилар.
Бу қисса ҳақида ортиқча мулоҳаза билдириб ўтирмаймиз. Буни ўқиган барча ўзига нима керак эканини хулоса қилиб олади.
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, чиройли ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби