Мақолалар

У зотлар қалбга қарайди

Рабиул аввал ойининг бошларида Ҳазрати Имом масжидида жума намозидан олдин мавлид ўқилди, кўнгиллар сел бўлди, кўз ёшлар жола бўлди, масту мустағриқ бўлдик. Бир ажойиб дуолар қилиндики, илоҳо, меҳрибон Парвардигоримиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган муборак ойнинг фазилатидан, дуога қўл кўтарган улуғларимиз, олиму уламоларимиз иззатидан, минглаб намозхон бандаларининг илтижоси ҳурматидан ўша дуоларимизни мустажоб айласин.

Ўша манзарани бир даврада сўзлаб берганимда ўтирганларга ҳам таъсир қилди чоғи

– Саъдий Шеърозий ҳазратлари айтганидек, “Аҳмоқнинг бир душмани бўладики, дунёнинг қайси бурчига борса ҳам ундан қутула олмайди”, – деб гап бошлаб қолди суҳбатдошлардан бири. – Менинг эса иккита душманим бор. Биринчиси, қаерга борсам гуноҳга ботиб чиқаман. Тавба қилдим, ҳатто масжидга – Аллоҳнинг уйига борсам ҳам. Масжидда ўтирганимда бирортаси елкамга тиззаси билан туртиб ўтиб кетса, жоним чиқиб кетади. “Олдинги сафга ўтишни истаган одам вақтлироқ келмайдими!” дейман ичимда – масжидда бақир-чақир қилиб бўлмаса. Олдимда намоз ўқиётган одамнинг бели очилиб қолса, намоз тугагунча ўша одамни маломат қиламан: “Ҳай, ярамас, масжидга намозга бораман деб таҳорат оляпсан, йўл пули харжлаб келяпсан, шунча вақт сарфлаяпсан, сал узунроқ кийим кийиб келсанг бўлмайдими, бе ерга келиб орқанг очилиб ётибди – намозинг, намоз бўлдими?!” дейман, Аллоҳ асрасин, намоз вақтида шу гапларни ўйлаб ўтирганим учун ўзимнинг намозим намоз бўлдими, йўқми, билмадим.

Яна жума намозида масжидга шошмайгина кирган одамларнинг чиқар чоғида орқасидан биров қурол ўқталиб тургандек жон ҳалпида эшикка қараб отилиши билан муроса қила олмайман. Ёзда бир жумани Чироқчида ўқидик, денг. Масжиднинг эшиги битта. Кун иссиқ кийимимиз юпқа, чиқаётганда эшикка тиқилиб боряпмиз. Қишлоқнинг чолларини биласиз, меҳнатда қотган тарашадек бармоғини биқинингизга нуқиб олади-да, сизни ўша бармоғи билан итариб кетаверади, бармоғи танангизни тешиб кириб бораётгандек бўлади. Ҳар дардим ичимда юриб келаётган эдим, ёнимда келаётган бир одамнинг гапи қулоғимга чалиниб қолди: “Илоҳо, қиёматда жаннатга ҳам шундай саф тортиб боришимизни насиб айласин!”

Қаранг! Қандай ажойиб, нақадар гўзал тилак! Мен нодон нимани ўйлаб юрибман!

Иккинчиси эса ўта тортинчоқлигим. Яқинда қишлоғимиздан бир одам меҳмонга келди. Ниҳоятда софдил, тўғри тилакли, ҳаммага яхшилик соғинадиган ихлосли инсон, кўнгил одами. У жуда мартабаси баланд, фазилатли бир зотнинг зиёратига бормоқчи экан, бизга ҳам бирга юринг деб қолди. Менинг дамим ичимга тушиб кетди. “Мен у кишининг қўл остидаги ташкилотлардан бирида ишлайман. Бирор нарса тамаъ қилиб борганга ўхшаб қоламан”, деб тайсалладим. Аммо у одам ушлаган жойини қўйиб юборадиганлар сирасидан эмас. Ҳоли-жонимга қўймаганидан кейин боришга рози бўлдим-у, фақат қаерда ишлашимни айтмайсиз деб шарт қўйдим.  У дарҳол рози бўлди.

Тортиниб-қимтиниб, уч киши етаклашиб алламаҳалда кириб бордик. Бориб ўтирар-ўтирмасимиздан мезбоннинг салобати босиб, бизни таништиришни бошлади ва менинг ҳам қаерда ишлашимни айтиб олди.

Мезбон хижолат ичида ўтирганимни сезиб ўтиргани учун мени ноқулай аҳволдан қутқариш ниятида ўзини унчалик эътибор қилмагандек кўрсатди. Ҳол-аҳвол сўрашилгандан сўнг гап орасида мезбон меҳмонга: “Касбида ҳазрати Султон Мир Ҳайдар зиёратгоҳи бор. Уч-тўрт киши бўлиб бориб ўша жойни зиёрат қилинг, файзини сезасиз”, деди.

Бу гапни эшитганим заҳоти у зотнинг илҳом билан сўзлаганини ҳис қилдим. Чунки унинг кароматига ўзим гувоҳ бўлган эдим. Рамазон ойида бир туш кўрдим. Тушимда у киши узоқроқда туриб менга ортимдан кел, дегандек ишора қилиб юриб кетди. Эртасига дам олиш куни эди, ўзимнинг ишларим билан бир жойда юргандим. Пешинга яқин ишхонадаги раҳбаримиз қўнғироқ қилиб, шошилинч Жиззахга боришим кераклигини айтди. Мен узоғроқда эканимни айтгандим. “Бир соат ичида уйингизга етиб келинг, машина олиб ўтиб кетади”, деди. Ишхонанинг машинаси айтган вақтда етиб келди. Йўлга тушдик. Одобли йўловчи бўлай деб хавфсизлик камарини тақиб олдим. Уни машина олингани бери биров тақмаган шекилли, чанг бўлиб кетган экан. Иссиқда терлаганмиз, чанг билан тер қўшилиб оппоқ куйлагимни қоп-қора қилибди. Машинадан тушсам, камарнинг изи узун чизиқ бўлиб қорайиб турибди. Манзилга етиб борсак, у киши ўша ерда экан. Ҳамма билан кўришди. Мен куйлагимдан уялиб чеккароқда турган эдим, келиб мен билан ҳам кўришиб, бир муддат қўлимни тутиб турди. Куйлагимнинг доғини кўриб қолди деб хижолат бўлдим. Орадан хийла вақт ўтиб, ўша нигоҳда “чақирганимизни эшитдингми?” деган савол йўқмикан, деб ўйладим.

Хуллас, Орадан икки ой ўтдими, билмадим, бир жойда ўтирган эдик, у киши шеригимга қўнғироқ қилиб, яна ўша муҳтарам зотнинг зиёратига бораётганини айтиб, бизнинг бирга бўлишимизни айтди. Мен шеригимга бора олмаслигимни айтиб уйга қайтдим. Эртасига дўстим қўнғироқ қилиб “Меҳмон сизни сўраяпти, гурунгга келинг”, деди.

Борганимда мени кўрар-кўрмасдан “Кеча нега бормадингиз? Жуда чиройли суҳбат қилиб бердилар...” деди.

Мен яна ўша эски гапимни такрорлаб: “Жуда ҳам боргим келган эди, аммо боришга уялдим”, дедим. Шунда у киши: “У зотлар қалбга қарайди...” деди ва бирмунча насиҳатлар қилди. Кейин ҳазрати Султон Мир Ҳайдарнинг зиёратига борганини, у ердан кўп файз олганини ва бирга юрган шериклари билан ҳам ўша ерда танишиб дўстлашиб олганини гапириб берди.

Ўшанда яна феълимдаги ноқислигим панд бериб шундай одамнинг зиёратидан, суҳбатидан бенасиб қолганимга афсусландим”.

У одам айтган гаплар, ўйлайманки, кўпчиликка таниш манзара бўлса керак. Биз мудом бошқаларнинг ноўрин хатти-ҳаракатини муҳокама қиламиз ва бунинг оқибатида ўзимизнинг асосий ишимиздан чалғиб қоламиз. Демак, бу билан ўзимиз ҳам хатога йўл қўйган бўламиз ва биз муҳокама қилаётган одамнинг амали билан бизнинг амалимиз ўртасида фарқ қолмайди. Шунингдек, ўта тортинчоқлик ҳам кўп ишларимизга панд беради. Арзимаган бир нарсани сабаб қилиб тортинамиз-у, хаёлимизга ҳам келмаган катта неъматлардан бебаҳра қолиб кетамиз.

Яна Шайх Саъдийга мурожаат қиламиз. “Болалигимда тун орасида отам билан таҳажжуд намозига турар эдик. Бир куни уйимизга меҳмонлар келди. Улар бизникида ётиб қолди. Одатимизга биноан отам иккаламиз тун ярмида туриб таҳорат олиб намозга ҳозирландик. Жойнамозни ёзаётиб пишиллаб ухлаб ётган меҳмонларга кўзим тушиб отамга: “Бу одамларнинг беғамгина ухлашини қаранг”, дедим. Отам: “Уларнинг ухлаганини маломат қилгунча кошкийди сен ҳам ухласанг эди”, деди”.

Шунингдек, тортинчоқлик ҳам унчалик яхши хислат эмасга ўхшайди. Тортинчоқ одам қаёқдаги бўлмағур нарсаларни ўйлаб, бир нималардан андеша қилиб ўзига ўзи муаммо чиқариб юради, Гапнинг индаллоси, ана шу феъли унинг яшашига, илм ўрганишига, улуғларнинг суҳбатидан файз олишига халақит қилади.

Шунинг учун инсон журъатлироқ бўлгани яхши, айниқса, илм ўрганиш, фазилат ҳосил қилиш борасида. Бунинг учун эса мана бу ҳадиси шарифни дастур қилиб олиш керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам, ҳақлироқдир», деганлар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Дамин ЖУМАҚУЛ

Read 5300 times

Мақолалар

Top