Мақолалар

Ит ялаган идишни поклаш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у (идиш)ни етти марта ювсин», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: у(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин.
Яна бошқа ривоятда: еттинчиси тупроқ билан бўлсин, дейилган (Бешовлари ривоят қилишган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ит ялаши оқибатида ҳосил бўлган нажосатни кетказиш йўлини таълим бермоқдалар.
«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин».
Яъни, ит ялаган пайтда идишда нима нарса бўлса, тўкиб юборсин. Ит ялаши оқибатида ўша нарса нажасга айланиб қолади. Шунинг учун идишнинг эгаси у нарсани тўкиб юбориши шарт.
«Сўнгра у(идиш)ни етти марта ювсин».
Бошқа ҳайвонлардан кўра итнинг нажосати қаттиқ бўлгани учун у теккан идишни етти марта ювмаса кетмайди. Шу билан бирга, ўша етти ювишдан бири тупроқ билан бўлиши шарт, унинг биринчисими, еттинчисими ёки хоҳлаган бирортаси эканлиги ҳақида турли ривоятлар келган. Энг муҳими, етти марта ювишдан бири тупроқ билан бўлиши керак. Тупроқсиз тоза бўлмайди.
Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлигини илм ҳам тасдиқлади. Ит доимо турли нажас нарсаларни танаввул қилиб юради. Шунинг учун унинг оғзи ва сўлаги турли зарарли микробларга тўла бўлади. Бу ҳадисдан хабар топган чет эллик олимлар идишни атай итга ялатиб, уни катталаштириб кўрсатувчи асбоб (микроскоп) остига қўядилар. Қарасалар, идишда микроблар ғужғон ўйнаётган экан. Сўнгра ўша микроб­ларни йўқотиш учун турли кимёвий моддаларни ишлатиб кўрганлар. Лекин бу фойда бермаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, тупроқ ишлатишганда ҳеч қандай микроб қолмаганининг шоҳиди бўлганлар. Бу тажриба ўша олимларнинг иймонга келишлари билан якун топди.

Усмонали ЎРАЛОВ
Жиззах тумани “Яккақайрағоч”
масжиди имом-хатиби

Read 6982 times

Мақолалар

Top