Мақолалар

Тилдан шукрона тушмасин

Тинчлик – улуғ неъмат. Юрт осойишталиги бебаҳо бир инъом. Шу боис, сизу биз кечалари гўзал орзулар ила уйқуга кетиб, тонгда Аллоҳга ҳамдлар айтиб, янги режалар, эзгу мақсадлар билан уйғониш бахтига муяссар бўлган бахтли инсонлармиз.

Яратганга шукр, юртимиз тинч, рўзғоримиз обод, кўнгилимиз тўқ. Фарзандларимиз эмин-эркин ўсиб-унмоқда. Кексалар эъзозда, хотин-қизлар ҳурмат-эътиборда. Шуларни ўйлар экансан, беихтиёр ана шу бахтдан бебаҳралар хаёлдан ўтади: ер юзининг турли ҳудудларида бало-офатлар, айримларида эса уруш, талончилик, қўпорувчиликлар... Яна шундай юртлар борки, у ерларда бехавотир тонг оттиришнинг имкони йўқ. Одамлар ҳар дақиқа ҳадикда, саросимада яшайдилар. Тинчлик истаб, бошқа давлатларга бораётганларнинг эса сон-саноғи йўқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман", деб ваъда қилган. Юртимизда осудалик, тинчлик-омонлик ҳукм сураётгани буюк неъмат, бунинг қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран боқиб, хулоса қилмоғимиз зарур.

Ўша нотинч жойларда ҳам бир вақтлар осойишталик ҳукм сурган, бироқ инсонларнинг лоқайдлиги, бефарқлиги, фарзандлар тарбиясини унутгани, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилмаслиги оқибатида юрт вайронага айланди. Қанчадан-қанча бегуноҳ болалар нобуд бўлди, аёллар зўрланди, қариялар хорланди.

БМТ маълумотларига кўра, биргина Сурияда 2011 йили деярли 21 миллион аҳоли истиқомат қилган. Беш йиллик уруш мобайнида шулардан 250 минги ҳалок бўлди. Бошқа халқаро ташкилотлар бундан ҳам каттароқ рақамни келтиришяпти. Масалан, Сурия сиёсатни ўрганиш маркази (SCPR) 470 минг одам ҳалок бўлганини келтиради. Агар бунга 1,9 миллион ярадорларни қўшсак, мамлакат беш йиллик фуқролар урушида 11,5 фоиз аҳолсини йўқотгани маълум бўлади. Сурияликларнинг 45 фоизи яшаш жойини алмаштиришга мажбур бўлди. 6,3 миллион киши ички қочоққа айланди, 4 миллиондан ортиғи мамлакатни тарк қилиб, ҳозир Туркия, Иордания, Ливан, Ироқ, Миср ва Европа Иттифоқида жон сақлашяпти. Агар ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва чет элларга чиқиб кетганларни қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, беш йил ичида Сурия ўз аҳолисининг чорак қисмидан ажради.

Хулоса қилиб айтганда, биз имом-хатиблар маҳалла ва гузарларда, маросим ва тадбирларда ёшларни асраб-авайлаш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва жамиятимизга хавф солаётган турли таҳдидлардан йироқ қилиш лозимлигини уқтиришимиз лозим. Албатта, бир-икки суҳбатда ёшларга одоб бериб, яхши-ёмонни ажратишни ўргатиб бўлмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар, таълим даргоҳларида ўқитувчи-мураббийлар ҳам жонбозлик кўрсатмоқлари зарур.

Абдувоҳид ЭСОНОВ,

Ургут тумани

Туника жоме масжиди имом-хатиби.

Read 4945 times

Мақолалар

Top