Мақолалар

Тилло эмас, тупроқдир аслинг

Аллоҳ таоло Исломни инсониятни яхшиликка бошлаш, одам зотини энг гўзал фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида нозил қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”.

Демак, киши Ислом дини таълимотларига риоя қилиб яшар экан, унда энг гўзал ахлоқ ва фазилатлар намоён бўлиб, ўз-ўзидан иллатлар, ёмон феъл-атворлар йўқолиб боради.

Динимиз таълимотида инсонлар ўртасида зиддият ва адоват уруғини сепишга сабаб бўладиган иллатлар қораланади.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: “Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди”.

Дарҳақиқат, такаббурлик куфр билан баробардир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса жаннатга кирмайди”, деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом асҳобларига:Сизга дўзах аҳли кимлигининг хабарини берайми? деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа”, дейишди. У зот: “Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар”, дедилар.

Агар банда мутакаббирлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимай тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни кўрмайдиган, қулоғини ҳақиқатни эшитмайдиган қилиб қўяди.

Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас.

Аллоҳ таоло: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).

Кибр шунчалик улкан гуноҳки, биз мўмин-мусулмонлар кибрланишга мутлақо йўл қўймаслигимиз, ҳамиша хокисору камтар бўлиб, ҳаётимизни Аллоҳга чин бандалик қилиш билан безашимиз лозим.

Мақтанчоқлик ва кибр – эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак унда кибр бор, шунингдек, кибрли кимса албатта мақтанчоқ бўлади.

Агар биз солиҳ инсонлар ва улардан кейин ўтган улуғ зотлар ҳаётига назар солсак, кўп ибрат оламиз. Улар – биз учун йўлчи юлдуздирлар. Улардан ўрнак олиб, юксак одоблар ила зийнатланамиз, чин инсон бўлиш бахтига эришамиз.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг елкасида бир меш сув кўтариб кетаётганини кўрдим ва: “Эй мўминлар амири, бу иш сизга тўғри келмайди”, дедим. У киши бўлса: “Менинг олдимга турли одамлар итоат этган ҳолда таъзим қилиб келишганида, ўзимда манманлик аломатини сезгандек бўлдим. Энди ўшани синдиришни хохлайман”, дедилар.

Кибр – кўпчиликнинг ичида қадр-қиммати баландлиги ва ноёблик ҳисси, буларнинг бари бировдан ўзини устун қўйишдан келиб чиқади. Ўта кучайиб кетган такаббурлик, бировдан нафратланиш, кимнидир камситмоқликни туғдиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар, киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги "Булис" деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар", деганлар.

Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса, энг ёмон мутакаббир, унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ, тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.

Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, юқоридаги оят ва ҳадисларда айтилганидек жаннатга кирмайди.

Ҳаддан ташқари кеккайиш, мағрурлик ёки кибру ҳаволаниш одамлар ва жамиятдан ажраб қолишга сабаб бўлади.

Авжига чиққан кибрнинг айрим аломатлари қуйидагилардир:

доимо ва ҳар бир нарсада “ҳақ” бўлиш;

доимо “ғолиб” бўлиш;

барча нарсалар унинг хоҳиш истаклари бўйича бўлиши;

бировларнинг хатти-ҳаракати ва тақдири учун жавобгарликни бўйнига олиши;

маслаҳатга қулоқ солмаслик;

ёрдам кўрсатиш зарурати туғилса, назар-писанд қилмаслик;

ҳеч ким сўрамаса ҳам, маслаҳат бериш;

айтган гапи ва фикрида қатъий туриб олиш;

бировга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдириш.

Кибр туфайли атрофдагиларга бўлган нафрат ва одамлардан кўнгил совиб кетиши ҳолатлари юз беради. Бундай одам бошқалар билан муносабатда ички зиддиятлари туфайли кўпроқ низо ва жанжалларга учрайди.

Кибрни ўлдириш йўллари:

  1. Ўзингизга ёқмаган ишларни бажариш.

Ўзининг қадр-қимматидан паст ҳисобланган ишларни бажариш, кибрни йўқотиш учун муҳим ўрин тутади.

  1. Хаёлан таъзим қилиш.

Бирортаси билан учрашганда унга хаёлан таъзим қилинг. Таъзим қилиш азалдан бировни ўзидан юқори олиш таомили ҳисобланган.

  1. Гапираётган одамга эътиборли бўлиш.

Аввал уни тушунишга ҳаракат қилиш ва уни тушуниш. Суҳбатдошни жимгина тинглаб, дарҳол жавоб қайтармай, ҳар бир сўзининг маъносига эътибор қаратиш.

  1. Одамларни тушуниш.

Ҳар ким ҳам сиз айтгандек бўлавермайди. Одамларни қандай бўлса шундай қабул қилиш керак, ҳаттоки сизга ёқмаса ҳам.

  1. Ҳар куни миннатдорчилик билдиринг.

Сизга қилинган ҳар қандай яхшиликлар учун билдирилаётган миннатдорчилик, чин кўнгилдан бўлсин. Ҳаттоки, арзимас бўлса ҳам.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер қаърига кириб кетаверади", деб марҳамат қилганлар.

    Шоир айтганидек:

Фахрланма шеванг билан,

Ё топган пул-молинг билан,

Асли наслинг қора тупроқ,

Кеккаймагин кибринг билан.

 

Ойдан гўзал бўлса-да васлинг,

Ким бўлса-да насабинг-наслинг,

Тилло эмас, тупроқдир аслинг,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Агар бўлсанг, ҳаммадан ҳам зўр,

Пашша ясаб, жон киргизиб кўр,

Фиръавиннинг тарихини сўр,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Ҳою ҳавас ўтгинчи мато,

Фариштаман, деб қилма хато.

Момо Ҳаво ва Одам Ато,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Бу дунёни сўраганлар ким,

Ер остида ётибдилар жим.

Тафаккур қил, кўзларингни юм,

Кимлигингни билмоқ истасанг.

 

Қуръонда кўр, қисматлар баён,

Неки қилсанг, Аллоҳга аён.

Ўйла, сўнгги манзилинг қаён,

Кимлигингни билмоқ истасанг...

 

 

Олимжон КАРИМОВ,

Пешку туман "Бобо-Араб" жоме масжиди имом-хатиби

Read 4538 times

Мақолалар

Top