Мақолалар

7 саволга 7 жавоб: имон

Ушбу мақола “savollar.muslim.uz” саҳифасига йўлланган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими берган жавоблар асосида тайёрланди.

 

1-савол: Мен 29га кирдим, уйланмаганман. Имонли, солиҳа, Қуръонни биладиган қизга уйланишни истайман. Ўзим уйланмоқчи бўлган қизга Қуръонни ўрганишни, исломий ахлоқ қоидалари ва намоз ўқишни шарт қилиб қўйсам бўладими? Ота-онаси рози бўлмаса-чи?

Жавоб: Аслида бу каби ибодатлар бировнинг шарти билан адо қилинмайди. Балки бу ибодатлар банда ўзидан келиб чиқиб адо қилиши лозим бўлган ибодатлардир. Сиз иложи бўлса, қизга совчи қўйганда ибодатлисига совчи қўйинг. Шунда келажакда бу борада келишмовчиликларга дуч келмайсиз.

 

2-савол: Имоним сустлашиб кетяпти, ҳар хил маърузаларни тинглаб, таъсирланиб бир-икки ой намоз ўқийман. Кейин эса бирор сабаб билан ўқимай қўяман. Нима қилсам бўлади?

Жавоб: Атроф-муҳитингизга назар солинг. Диёнатли ва тақводор кишилар билан бирга бўлинг. Иложи бўлса, намозларингизни масжидда жамоат билан адо қилинг.

 

3-савол: Қалбим хотиржам эмас, сабрсизлик, имон заифлиги кузатиляпти. Тушкунликка тушмаслик учун ибодатларни сабр билан амалга ошириш учун нималар қилишим керак?

Жавоб: Қалб хотиржамлиги учун Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш керак. Суннатда ворид бўлган зикрлар билан машғул бўлинг. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят)

Шуни ҳам таъкидлаб айтамизки, зикрларнинг энг улуғи намоздир. Намозни мукаммал, бехато ўқишга ҳаракат қилинг. Тушкунликка тушмаслик учун эса Аллоҳ таолонинг қудратига таяниб, У зотга таваккул қилинг.

 

4-савол: Исломнинг беш рукни борлигини биламан. Имон, намоз, рўза, закот, ҳаж. Бундан ташқари, жума намозини ўқиш ҳам фарз ҳисобланади. Эркак киши учун яна бошқа фарзлар ҳам борми?

Жавоб: Ҳар бир рукннинг ичида ва ташқарисида бир нечтадан фарзлар бор. Уни халқ тилида “Қирқ фарз” дейилади. Айнан шу номда китоб ҳам чоп этилган. Шу китобни ўқиб олсангиз, янада батафсил билиб оласиз. Ҳалол касб қилиб, ҳалол ризқ қидириш ҳам бир алоҳида фарз.

 

5-савол: Беамал ва илмсиз одамга “Жума намозига боринг” дейилса, у жоҳил эса “Жума намозини хоҳлаганлар ўқийди, хоҳламаса ўқимай қўйса ҳам бўлади” қабилида жавоб берса, у одамнинг имонига путур етмайдими? Шу гапи учун тавба қилмайман деса-чи?

Жавоб: Ундай одамларнинг бу сингари гапларни айтишига сабаб бўлмаслик лозим. Чунки бундай ишлар сабабли фосиқ кишилар имонига салбий таъсир қиладиган мазкур гапларга ўхшаган иймон учун хатарли бўлган гапларни айтиб юбориши мумкин. Уларга яхшилик билан тушунтиришга ҳаракат қилиш лозим.

 

6-савол: Мен намоз ўқишни биламан, бомдод намозини ўқийман. Пешин намозида эса имоним сустлик қилади. Қандай қилиб барча намозларни мукаммал адо қилсам бўлади.

Жавоб: Намознинг фарз эканини, уни тарк қилиш оғир гуноҳ эканини ҳис қилинг. Қиёмат куни имондан кейинги илк савол намоздан бўлади. Буни тасаввур қилинг. Агар эркак киши бўлсангиз, намозларни масжидда жамоат билан адо қилишга ҳаракат қилинг.

 

7-савол: Исломда хамр (ароқ) ичган кишининг имони 40 кунга чиқиб туради дейилган, яна қандай вазиятларда имонимиз бизни 40 кунга тарк этади?

Жавоб: Аҳли сунна эътиқодига кўра, ароқ ичиш сингари гуноҳи кабиралар қилинса, имон чиқмайди. Имон фақат куфрга сабаб бўладиган амалларни қасдан қилганда чиқади. Валлоҳу аълам.



ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6153 times

Мақолалар

Top