Мақолалар

Ҳушёрлик ва огоҳлик

Бугун биз ҳаёт суръати беқиёс даражада тезлашган шундай замонда яшаяпмизки, инсоният ҳозирга қадар бундай даврни бошидан кечирган эмас. Ҳозирги замонда мафкуравий хатарлар тоборо кучайиб бормоқда.

Бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва хушёр бўлишимиз зарур, акс ҳолда жамиятда ўнглаб бўлмас, тараққиётдан бир неча ўнлаб йиллар ортда қолишга сабаб бўладиган маънавий, сиёсий ва иқтисодий муаммолар келиб чиқиши мумкин. 
Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бир ҳам хушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”. Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда. Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Мусулмон киши бир кун ҳам ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди”. Қўшнисини бир кун ҳам оч ташлаб қўймайди, дегани аслида мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради дегани эмасми? 
Хушёрлик ва огоҳликка зид тушунча лоқайдлик, бепарволикдир. Бу иллат ҳақида Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида донишмандлардан бирининг фикрини келтиради: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”. Тўғри, душман қотиллиги, дўст хиёнати – бу оғир мусибат, катта йўқотиш, аммо бепарво ва лоқайдликнинг зарари олдида ҳеч нарса эмас. Чунки лоқайдликнинг зарари кўпчиликка, жамиятга бўлади. 
Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради, тушунмаса, тушунтириб қўядиганларга хабар беради. Чунки у бу ишларни ўзи қилмасада, у яшаётган жамиятда қилинаётганлигини ва бу ишлар унга салбий таъсир этишини, гуноҳкор бўлишини аниқ билади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар:“Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) «Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик», дейишарди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади”. 
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, хушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга шундай хайрли ишларда мададкор бўлсин. 

Ибодулло АЗИЗУЛЛАЕВ, 
Сирдарё вилояти 
Гулистон тумани бош имом-хатиби 

Read 7811 times

Мақолалар

Top