Мақолалар

Турмушдаги ҳамжиҳатлик оилага барака келтирар!

Муниса уй юмушларини бажаргач, Аҳмаджоннинг хонасига кирди. Стол устидаги китобларни тахлаб турган эди, ҳадислар тўпламига кўзи тушди. Китобдаги бир ривоят диққатини жалб қилди: Салмон Форсий (р.а.) ривоят қилишларича, Фотимаи Заҳро (р.а.) Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдиларига кирдилар. Кўзлари Расулуллоҳ (с.а.в.)га тушиб йиғладилар. Сарвари олам (с.а.в.) Фотимаи Заҳродан сўрадилар: “Эй Фотима, сени нима йиғлатди?”. “Эй Аллоҳнинг пайғамбари (с.а.в.), ман бирла куёвингиз Али (р.а.) ўртамизда бир сўз ўтди. Али (р.а.) мендан қиттиқ хафа бўлдилар. Сабаби шуки, менинг оғзимдан беихтиёр бир сўз чиқиб кетди. Мен у кишига узрлар айтдим. То мендан хушнуд бўлиб юзимга кулиб қарадилар”. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: “Эй фарзанд, билмасмидинг Эрнинг ризоси, Худонинг ризосидур ва эрнинг нохушлиғи Худои Таолонинг нохушлиғига сабаб бўлади. Эй Фотима, ажаб саодатлиғдур, ул хотинданки эри андин рози бўлса, ҳар хотун кеча-кундуз эрининг хизматида бўлиб, бир марта эрини хушнуд қилса, бир йиллик ибодатдин яхшироқдур. дедилар. Эй қизим, хотунларга ҳамма амаллардан яхшироғи Аллоҳнинг фарзидан сўнгра ва эрини хизматидан сўнгра чарх йигирмоғи. Бир соат ўлтириб чарх йигирмоқ, хотунларга бир йиллик ибодатдин яхшироқдур. Эй Фотима ҳар хотунки, эри андин ризо бўлса, Жаннатнинг хоҳлаган эшигидин киргай”.

Муниса бу ҳадисни ўқиб, ўзини койиди. Турмуш қурганига ўн йилдан ошибдики, эрини ранжитиб келганини ўйлаб, кўзидан ёш чиқиб кетди. “Аллоҳнинг озми-кўпми берган неъматига қаноат қилмай, мен ношукур Аллоҳнинг олдида ҳам, эримнинг олдида ҳам қаттиқ гуноҳга ботибман”. Муниса эрталабки беодоблиги учун минг марта афсус чекди. Наҳотки, ўн йилдан зиёд бирга яшаб, икки қиз ва бир ўғиллик бўлатуриб ҳам ақли кирмаса. Эрталаб эрининг чойини заҳар қилиб, кайфиятини бузди. Аҳмаджон хотинига: “Нонуштани ҳам заҳар қилдингку!” дегандек тикилиб қўйди. Аҳмаджон ўқитувчи бўлганлиги учун ҳам ҳар бир гапини ўйлаб гапирар эди. Муниса жуда кўп марта: “Қачон бизлар ҳам баъзи кишилардек бекаму кўст яшаймиз, бу ўқитувчилигингиздан биримиз икки бўлмади. Сиз ҳам савдогарчилик қилинг ёки чет элга бориб ишлаб келинг”, деб дағдаға билан Аҳмаджонга зулум қилганлари эсига тушиб, бир гуноҳи мингта бўлганлигидан дили вайрон бўлди.

Кечки пайт Аҳмаджон мактабдан келгунича Муниса ҳар кунгидан ҳам эпчиллик билан рўзғор ишларини бажариб қўйди. Аҳмаджон яхши кўрган ошни ҳам тайёрлаб қўйди. Эри эшикдан кириб келганида узр сўрагандек салом берди. Бундай илтифотни кутмаган Аҳмаджон мийиғида жилмайди. Ҳазил аралаш: “Қуёш қаёқдан чиқди?”, деб дастурхонга ўтирди. Таомдан олдин Муниса бошини Аҳмаджоннинг елкасига қўйиб:  “Дадаси, мен ношукурни кечиринг. Мен сизни кўп ранжитдим”, деб кўзига ёш олди. Хотинининг қаттиқ пушаймон бўлганини сезган Аҳмаджон: “Ҳаётда бўлиб туради”, деб хотинини юпатди.

Эртаси куни Мунисанинг қариндошларидан бириникига тўйга таклифнома келди. Қишлоқ дўконидан бир тоғорача пишириқ сотиб олди. Йўлда кетатуриб “Шунча пулга пишириқ сотиб олгунча, ўзим пиширсам бўлмайдими, ахир ўзимнинг қўлимдан ҳам келади-ку!” деб ўйлади.

Ўшандан кейин Аҳмаджонга пишириқ тайёрлаш учун масллиқлар келтириб беришини илтимос қилди. Кейин ўша масаллиқлардан ширинликлар тайёрлаб, қўшниларни меҳмон қилди. Ширинликлардан татиб кўрган қўшнилар: “Бундан буён тўй-маъракаларга буюртмани сиз тайёрлаб берасиз”, дейишди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Аёл кишилар ҳам касб билан шуғуллансинлар”, деганларидан хулоса чиқариб Аҳмаджон билан Муниса маслаҳатлашиб, тадбиркорликни йўлга қўйдилар. Мунисанинг пазандалиги қишлоқдагиларга ҳам маълум бўлди. Бир неча хотин-қизларни шогирдликка олди. Аҳмаджон уйининг ёнидан кичкина бир дўкон очди. Аста-секин уларнинг оилавий шароитлари янада яхшиланиб борди.

Илоҳим, юртимиздаги барча хонадонларда оилавий тотувлик, бирдамлик ҳукм суриб, обод турмушимиз пойдевори янада мустаҳкам бўлсин.

 

САИДУСМОН Зикиряев

Самарқанд шаҳар “Намозгоҳ”

жоме масжиди ноиб имоми

Read 7597 times
Tagged under

Мақолалар

Top