Мақолалар

Яхши ният ва эзгу амал – жаннатга йўл

Яхши ният ва эзгу амаллар соҳибини жаннат сари етакловчи ишлар экани маълум. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади. Аллоҳ таоло: “(Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс, 9). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан».

Нафсни поклаш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб гуноҳлардан тийилиш, имонни қувватлантирадиган амалларда давомли бўлиш ва Ундан мағфират сўраб, ихлос билан тавба қилиш билан бўлади. Гуноҳлардан тийилмаган банданинг қалби хотиржам бўлолмайди ва ибодати ҳам ҳаловатсиз кечади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай насиҳат қилади: «Дунёга ҳирс қўйишдан қалбда зулмат пайдо бўлди. Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқув, қаноат, Қуръони каримга амал қилиш ва охиратга тайёргарлик кўриш каби амаллар у (зулмат)ни тарқатиб юборади».

Шубҳасиз, Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқув инсонни камтарин, сабрли, амалларда, Яратганни кўрмаса ҳам, У кўриб турганини ҳис этадиган қилиб қўяди. Ҳадисда: «Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўради» (Имом Муслим ривояти), дейилган. Донишмандлар, Ҳақ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар сонияда назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган.

Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: «Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл, 128), дейилган.

Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмаган, қўли ва тили билан бошқаларга зарарсиз, ёмон сўз ва ишларни қилмайдиган, ибодатларда ғайратли бўлмоғи лозим. Қийинчилик ва кенглик кунларида ҳам сахий, қалби кенг бўлиш қўрқувнинг белгиси, деб баён қилинган. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишиларнинг ҳурматлиси ким, деб сўрашганида, у зот: «Улардан энг тақволиси», деб айтганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар, жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (Насафий тафсири, 1 жилд, 182 бет), дейди. Демак, жаннатга эришишнинг энг осон йўли эзгу ният ва яхши амаллар бўлади. Шунда нафс ҳам покланади ва инсон нажот топади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 9331 times

Мақолалар

Top