Мақолалар

Қулоққа масҳ тортишнинг фойдаси

Таҳорат қилиш динимизнинг талабларидан бири бўлиб, шариатда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатлар олдидан зарур ҳисобланади. Зеро, таҳорат Қуръони карим ва суннатда буюрилган. Таҳоратнинг фарзлари, суннатлари ва мустаҳаблари мавжуд. Қулоққа масҳ тортиш ҳам унинг суннат амалидан ҳисобланади ва бунинг тиббий жиҳатдан фойдаси кўп.

Қулоққа масҳ тортишда кўрсаткич бармоқлар билан қулоқларнинг ичи, бош бармоқлар билан эса қулоқ орқаси, яъни уст томони масҳ қилинади. Бу борада ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқлари ортига ва ичига масҳ тортдилар», деб ривоят қилганлар. Демак, қулоққа масҳ тортишда қўлимиз ёрдамида унга таъсир этамиз.

Қулоқ фақат товушларни қабул қилувчи аъзо бўлиб қолмай, балки инсоннинг соғлигини билдирувчи кўрсаткич ҳам экани маълум. Қулоқлар орқали қайси аъзо касалланганини билиш мумкин. Қулоқда жойлашган нуқталарни уқалаш жараёнида деярли барча ички аъзолар фаолияти тартибга солинади, гипертонияда қон босими пасаяди, тиш оғриғи ва томоқдаги оғриқ енгиллашади ёки бартараф бўлади. Қулоқ супраси шакли инсон эмбрионини ёдга солади. Шунга кўра, у ёки бу аъзога боғлиқ бўлган қулоқдаги нуқталарни билиб олиш мумкин. Масалан, қулоқ солинчаги – бош ва бош мияга алоқадор, супра косаси эса – кўкрак қафаси, қорин бўшлиғидаги аъзолар ҳолатини кўрсатади ва зарур ҳолда даволайди. Қулоқ супрасининг тепа қисмида гипертонияда юрак-қон томир тизими фаолиятини меъёрга солувчи нуқталар жойлашган.

Қулоқдаги биологик фаол нуқталарга таъсир этиш, яъни уларни уқалаш орқали тетиклашиш, даволаш, роҳатланиш ва қатор касалликларнинг олдини олиши мумкин. Инсон танасидаги биологик фаол нуқталар бир текисда жойлашмаган. Уларнинг энг катта қисми қулоқ супрасида жойлашган бўлиб, уларнинг сони 110 дан зиёдни ташкил этади. Тананинг бошқа ҳеч қайси қисмида бундай ҳолатни учратмайсиз. Мавзуга бевосита алоқадорлиги боис игна билан даволаш амалиёти натижалари ҳақида айтиб ўтиш лозим. Маълумки, игна билан даволашда касалликни даволаш ва енгиллаштириш, баъзи пайтларда эса ички аъзолардаги оғриқни буткул тўхтатиб қўйиш мумкин. Гиссен ва Мюнхендаги бир неча клиникаларда наркоз ёрдамисиз юракда жарроҳлик амалиётлари ўтказилган бўлиб, бунда беморнинг қулоқ супрасига бир нечта игна ўрнатилган ва кўкрак қафаси очилган. Бунда бемор ҳушида бўлган ва оғриқни ҳис этмаган. Бунинг сабаби шундаки, қулоқнинг уст томони ички органлар ва бош мия билан боғланган. Мутахассислар буни билиб, маълум биологик фаол нуқталарга таъсир этган ва оғриқни бартараф қилган.

Демак, динимизда буюрилган таҳорат, унинг амалларидаги жараёнлар ҳам жисмнинг, ҳам руҳнинг саломатлигига катта фойда келтиради.

   Хуршида Абдуллаева тайёрлади

Read 6024 times

Мақолалар

Top