Мақолалар

Яхшиликдан  йироқ кимсалар

Йигирма биринчи асрда тараққиётнинг кўп эшиклари очилди. Шу билан бирга турли мафкуравий курашлар, ахборот бўҳронлари, ҳар хил ёвуз кучларнинг ҳаракати ҳам кучайди. Бугун халқаро террорчилик хавфини бартараф этиш жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборида турган муҳим масаладир. Бу иллатга барҳам берилмас экан, тинчлик ва барқарорликка путур етаверади.

Динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланади, халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни мустаҳкамлашга чақирилади. Бугун қўпорувчиларнинг Ислом динига мутлақо алоқаси йўқлигини кўпчилик яхши билади.

Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, яхшилик қилиш ва ёмонликдан қайтаришни ҳамда одамлар орасини ислоҳ этишни буюради. Зулм-зўравонликни, бузғунчиликни тақиқлайди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

"Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳанам) бордир" (Раъд. 25);

“...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир" (Моида, 32).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Набийдан соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилади: “Ким бир аҳдлашган жонни ноҳақ ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди юз йиллик масофадан келиб турур”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким бир қушни беҳуда ўлдирса, у қиёмат куни йиғлаб келади ва эй Раббим, бундан сўра, нима учун у мени бекордан-бекор ўлдирди, деб айтади", дейилади.

Ушбу ҳадиси шарифда ҳатто қушни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинмоқда. Зеро, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон одамлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қилганлар.

Исломда ҳеч қачон зарари бор нарсага таклиф қилиш, шунингдек, фойдаси бор нарсадан қайтариш ҳам йўқ1.

Қўпорувчилардан эса нафақат инсониятга, балки ҳайвонот, наботот оламларига ҳам кўплаб зарарлар етади. Улар Аллоҳ таоло кўрсатган ҳад-чегараларни бузади, динни ниқоб қилиб, зулм ва қон тўкилишига сабаб бўлади.

Уларнинг ваҳший ҳаракати сабабли, қанча-қанча гуноҳсиз одамлар ҳаётдан кўз юмади, болалар етимга айланади.

Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кишиларнинг қалблари ўлик, руҳлари эса касалдир. Уларнинг фикрича, одамларни гаровга олиш ва ўлдириш, банкларни талаш, портлатишлар гўё ташвиқотнинг бир усули эмиш. Қўпорувчиларнинг тафаккури инсоний туйғулар, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, муроса, диний бағрикенгликка бегона. Уларни яхшиликдан йироқ, инсофсиз кимсаларгина қўллаб-қувватлайди.

 

Абдуллоҳ УЛУҒХЎЖАЕВ

Read 4100 times

Мақолалар

Top