Мақолалар

Порахўрлик – зарарли иллат

 Давраларда: «Порахўрлик қилган киши динимизда лаънатланган», десангиз, айнан шу ишни қилиб юрган одамлар ҳам бепарво эшитади. Чунки улар ўзларига мослаб чиқариб олган фатволарига кўра, ўзларини савоб иш қилаётган савобталаб кишилар деб ҳисоблайди.

Ана ўша одамлар хаёлларини жойига қўйиб бир ўйлаб кўрсинлар. Илло, “лаънат” дегани жуда оғир сўз – дуойи баддир. “Лаънат” дегани, «Аллоҳнинг раҳматидан қувилган» маънони англатади. Биз биламиз, Аллоҳнинг раҳматидан қувилган ва рожим бўлган махлуқ бу – Шайтони лаъиндир!

Бир куни бир саҳобийнинг туяси қайсарлик қилиб қолди. Шунда ҳалиги саҳобий туясига: «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Энди туянгдан фойдаланма. Уни қўйиб юбор», дедилар. Туяни қўйиб юборди. Туя чўлларда дайдиб юрган. Қутуриб одамларга ташланадиган бўлган ва бир неча одамни босиб ўлдирган ҳам.

Нимага? Чунки эгаси унга «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деганда дуойи бади ижобат бўлиб, ўша заҳоти туяга Аллоҳнинг лаънати тушган. Аллоҳнинг лаънати тушган нарсада барака ҳам, яхшилик ҳам бўлмайди. Ота-онасига оқ бўлган одам ҳам шундай бўлади. У қайси ишга қўл урмасин, иши юришмайди. Тижоратга қўл урса, банкрот бўлади. Иш бошласа, қарзга ботиб кетади, пул топса дард орттиради ва ҳоказо.

Демак, “лаънат” дегани ёмон нарса эканини билиб олдик. Энди қуйидаги ҳадисга эътибор беринг:

 عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: "لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا" رواه أحمد.

Савбон розияллоҳу анҳу айтади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воститачини лаънатладилар».

Мана азизлар, пора борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч тоифани лаънатладилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг лаънати бўлсин!», дейишлари нимани англатади? Бу ўша лаънатланган инсоннинг охирати куйди, дегани. Қиёмат кунида ҳам, бу дунёда ҳам уни бу мушкул аҳволдан қутқарувчиси йўқ дегани.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 52] أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ وَمَنْ يَلْعَنِ اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ نَصِيرًا [النساء :

 «Ана ўшалар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимни Аллоҳ лаънатлаган бўлса, унга (ҳеч қандай) ёрдамчи топа олмайсиз».

Аллоҳ барчамизни бундай ҳаром йўл билан кун кечиришдан ўзи асрасин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида умматларининг аксари етмиш ёш атрофида бўлишини таъкидлаб ўтганлар. Камдан кам инсон етмишдан ошади.

Келинг, етмишдан ошиб саксон, юзга кирди ҳам дейлик. Мана шу 70-80 йиллик умрни ҳаром йўллар билан топилган ризқ эвазига яшаб ўтмайлик. Биз бу дунёга бунинг учун келмаганмиз. Шу 70 йиллик умрни деб абадий роҳатдан бебаҳра қолиб кетмайлик!

 

 Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

Read 8004 times

Мақолалар

Top