Мақолалар

Сўраган эдингиз: Чақалоқ отасига ҳам,  онасига ҳам ўхшамаса…          

Савол: Яқинда бир танишим ўғил фарзанд кўрди. Чақалоқ на отасига, на онасига ўхшар экан. Эр хотинидан шубҳаланиб, унга бўлмағур гапларни айтибди. Бундай вазиятда динимизда қандай кўрсатма бор?

Жавоб: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келиб, янги туғилган фарзанди қора эканини айтган кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларини мисол қилиб, кўпинча фарзандларнинг отасига тортиши ёки тортмаслигини айтганлар (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«У сени Ўзи қайси суратда хоҳлаган бўлса, (ўша суратда) таркиб топдирди-ку!» (Инфитор, 8-оят).

Муфассирлар мазкур оятни бундай тафсир қилганлар: «Бу оят онага, отага ёки бошқа қариндошларга ўхшаш ва ўхшамаслик, ранг, бўй, эркак ёки аёллик, соғлом, носоғлом, яхши ва ёмон, зукко ва телбалик каби жисмоний ва маънавий – барча шакл ҳамда васфларни қамраб олади».

Шундай экан, ояти каримага мувофиқ янги туғилган чақалоқ ранг, бўй ва шунга ўхшаш ҳолатларда отаси ёки онасига ўхшамаслиги ҳам мумкин. Аммо банда Аллоҳнинг берган улуғ неъматига рози бўлиб, шукрона қилиши керак. Аллоҳ таоло барчамизнинг зурриётларимизни солиҳлардан қилсин!

«Сўраган эдингиз» китобидан олинди.

 

Read 5056 times

Мақолалар

Top