Мақолалар

Ҳурматли ота-она, болангизнинг назари тўқми?

Мендан сал олдинроқда ёш аёл тўрт-беш ёшлардаги қизини етаклаб борарди. Кутилмаганда қизча онасининг қўлидан чиқиб, йўл четидаги савдо растаси томон чопди. «Тўхта, ҳой, йиқиласан», деганча жувон қадамини тезлатди. Қизча сотувга қўйилган ширинликлардан бирини олди-да, онасига ўгирилди: «Манувни оберасиз!» Аёл хижолат бўлиб у ёқ-бу ёққа қараб қўйди-да, боласига тушунтирди: «Ҳозир сенга мумкинмас. Томоғинг оғрияпти-ю…» Аммо гапи оғзида қолди, қизча кескин «Йўқ!» деб ширинликни орқасига беркитди. Уларнинг олдидан ўтиб кетдим, аммо анча жойгача қизчанинг кайсарлик, инжиқлик билан айтган сўзлари, йиғиси эшитилиб турди… Хаёлимга онамнинг ажойиб насиҳатлари, ўгитлари келди. Болалигимиздаги манзараларни эсладим.

…Бирор жойга боришдан олдин онам албатта: «Кўчада мени жавратмайсиз, уни-буни олиб бер деб хархаша қилмайсиз. Меҳмонга борганда, катталар орасида ўтирмай, ташқарида ўйнайсиз. Дастурхонга тикилманглар, уят бўлади», деб тайинлар эди. Агар айтганларини бажармасак, зимдан шундай қараш қилардиларки, у уйга қайтганимиздан кейин оладиган жазомизга ишора эди.

Меҳмон келишини яхши кўрмаган бола бўлмаса керак. Унинг ҳурмати учун дастурхонга алоҳида ноз-неъматлар қўйилади. Айниқса, онамнинг дадаси – Қозоқбой ҳожи опоқдадам келганида дастурхонда тансиқ неъматлар кўпайиб кетарди. Биз болалар салом бериб, опоқдадам пешонамиздан ўпганидан кейин катталар ўтирган хонага деярли кирмас эдик. Ўзимизга алоҳида дастурхонча солиб, ширинликлар билан сийлашарди. Лекин на ота-онам, на яқин қариндошларнинг дарвозадан кириб келибоқ қўлимизга бирор егулик ёки совға тутишганини эслай олмайман.

Йиллар ўтди, ўзимиз фарзандли бўлганимиздан кейингина бу одатнинг ҳикматини тушундим.

“Болага олиб келган нарсангни ҳеч қачон кўчадан кирибоқ қўлига тутма, – дердилар онам. – Ким келса, қўлига қарайдиган, меҳмонниям шунинг учун кутадиган бўлиб қолади. Ҳаётда ҳар хил вазият бўлади, келган одамдан совға олишга ўрганиб қолган бола катталарни хижолат қилиб қўяди. Кўча-кўйда юрганида ҳам айтган нарсасини олиб бераверма, ҳамманинг кўз ўнгида кавшаниб юрмасин. Биринчидан, қўли тоза бўлмайди; иккинчидан, ҳар кимнинг назари тушади, яна энг ёмони, пулинг борми, йўқми, тўғри келган жойда истаган нарсасини олиб беролмасанг, шарманда қилади… Одамнинг қорни тўқ бўлсаям, назари оч бўлса, қорин қулига айланади. Буларни менга опоқдаданг ўргатган”.

Болалигимда айрим дугоналарим онаси билан қўни-қўшнининг тўйига борса, ҳавасим келарди. Чунки онам аёллар билан йиғилиб тўйхонага киришдан олдин акам иккаламизга: «Орқамдан кирманглар, мен сизни тўйхонада кўрмай», деб тайинлар эди. Бу гапини икки қилмаганмиз.

Болалик-да, тўйхонага кириб ширинликми, пишириқми кўтариб чиққан ўртоқларимга ҳавас қилган пайтларим ҳам бўлган. Ҳатто бир куни ён қўшнимиз: «Одатингиз қурсин, Маликахон. Тўй дастурхони элга ёзилади-да. Болаларингизга иккита қанд олиб чиқсангиз, биров уришармиди?» деганида, зимдан онамнинг жавобларини кутганман. «Шу уйда борига кўниксин. Бугун битта қандни ортиқча еса, шохи чиқармиди?» деганлар.

Болаларим йўлга кирар-кирмас, онам менга бундай тайинлади: «Меҳмондорчиликдан чўнтагингга нимадир солиб келиб, болага берма. Фалон ишни бажарсанг, уни олиб бераман, буни олиб бераман, деб ваъда қилма – бола тамагир бўлиб қолади».

Бу насиҳатларни мен онамдан эшитдим, онам опоқдадамдан, у киши… Хуллас, фарзанд одоб-ахлоқини азиз деб билган халқимизнинг ақлий, маънавий, тиббий, руҳий жиҳатларни уйғунлаштирган тарбия усулларидан битта мисол бу.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

тайёрлади

Read 4288 times

Мақолалар

Top