Мақолалар

7 саволга 7 жавоб: Таҳорат мавзуси

1-савол: Ассалому алайкум, ҳурматли муфтий ҳазратлари. Сизнинг Ислом дини йўлида олиб бораётган хайрли ишларингизга Аллоҳ таолодан куч-қувват ато этишини сўрайман.

 

Намоз ҳали фарз бўлмаган бола Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўладими?

 

Жавоб: Баъзи уламолар, ёш болалар Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўлади, дейишган. Шундай бўлсада улар Қуръони каримни ҳурматлаш, эъзозлаш руҳида вояга етишлари учун уларга Қуръон одобларини, уни таҳоратсиз ушлаб бўлмаслигини, шунинг учун таҳорат билан ушлашлари лозимлигини ўргатиш зарур.

 

2-савол: Таяммум қилиш қандай ҳолларда жоиз бўлади?

 

Жавоб:

– сувни ишлатиш баданга, аниқроғи, соғлиққа зарарли бўлганида;

– сувни таҳоратга ишлатилганида ичишга сув қолмайдиган бўлса;

– сувни одатдаги нархидан баланд баҳода сотиб олинадиган бўлса;

– сув тарафда душман ёки йиртқич ҳайвон бўлса;

– қудуқдаги сувни тортиб оладиган идиш бўлмаса таяммум қилинади (“Мухтасари Виқоя”).

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирор киши ҳожатхонадан (чиқиб) келса, ёхуд хотинларингиз билан суркалишган (қовушган) бўлсангизу, (лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилиб, ундан юзларингиз ва қўлларингизга суртинг!” (Моида, 6).

 

3-савол: Маҳсига масҳ тортиш ҳақида маълумот берсангиз?

 

Жавоб: Маҳси таҳорат олингандан сўнг кийилган бўлса, кейинги таҳоратда унга масҳ қилиш мумкин.

 

Муғийра ибн Шўъба айтади: “Мен бир кеча Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда эдим. Таҳоратларига идишдан сув қуйиб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) юзларини, икки билакларини ювдилар, бошларининг тўртдан бирига масҳ тортдилар, кейин мен маҳсиларини ечишда ёрдам бераман, деб уринган эдим, у киши: “Қўявер, мен маҳсимни таҳорат олиб кийганман”, дедилар ва маҳсиларига масҳ тортдилар (Имом Аҳмад, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

 

Масҳ маҳсининг устига тортилади. Муғийра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маҳсиларининг устига масҳ тортганларини кўрганман” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

 

Али (розияллоҳу анҳу) айтади: “Агар дин раъй билан бўлганида эди, оёқ кийимининг устига эмас, остига масҳ қилиш авлороқ бўларди. Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг маҳсиларининг устига масҳ тортганларини кўрган эдим” (Абу Довуд ривояти).

 

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Маҳсига масҳ тортиш муддати мусофир учун уч кеча-кундуз, муқимга эса бир кеча-кундуздир”, деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривоятлари).

 

Маҳсига қилинган масҳни тўрт нарса бекор қилади:

  1. Муддатнинг тугаши.
  2. Жунуб бўлиш.
  3. Маҳсининг ечилиб кетиши, яъни товоннинг чиқиб кетиши.
  4. Оёқнинг кичик уч бармоғи кўринадиган тешик.

Бундай ҳолатларда маҳсини ечиб, оёқни ювиш лозим бўлади.

 

4-савол: Каъбани тавоф қилаётганида таҳорати бузилиб қолса, нима қилиш керак?

 

Жавоб: Тавоф қилаётиб таҳорати бузилиб қолган киши худди намоздаги каби, таҳорат қилиб келиб, тавофни келган жойидан давом эттиради.

 

5-савол: Гўшт ейилса, таҳорат синадими?

 

Жавоб: Бизнинг мазҳабимизга кўра, гўшт қовурилган, қайнатилган ёки димланган бўлса ҳам, уни еган кишининг таҳорати бузилмайди. Ҳанбалий мазҳабига кўра, туя гўштини еган кишининг таҳорати бузилади.

 

6-савол: Касал бўлганимда шифокорлар жарроҳлик амалиёти қилишиб, сийдигимни найча орқали идишга оқиб ўтадиган қилиб қўйишди. Таҳоратим турмайди. Намоз ўқиш учун нима қилишим керак?

 

Жавоб: Таҳорат қилиб, намоз ўқиб бўлмасидан жароҳатидан ё бошқа жойидан қон, йиринг ё нажас чиқиб қоладиган киши узрли ҳисобланади. Сиз ҳам узрли кишилар қаторига кирасиз. Узрли кишилар ҳар бир намознинг вақти кирганида таҳорат олиб, ўша намоз вақти чиққунича хоҳлаганича фарз ёки нафл намоз ўқишлари мумкин.

 

7-савол: Таҳорат қилиш пайтида гапириш гуноҳ деб эшитдим. Шу тўғрими?

 

Жавоб: Таҳорат қилаётганида дунёвий гапларни гапириш макруҳдир. Аммо яхшиликка чорловчи ёки ёмонликдан қайтарувчи сўзларни гапириш макруҳ эмас. Таҳорат олишда тил ва кўнгилнинг Аллоҳ таоло зикри ёки ҳар бир аъзони ювишда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган дуолар билан машғул бўлиши мустаҳабдир.

Read 4802 times

Мақолалар

Top