Мақолалар

Эркакларга нима бўляпти?

Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида “Ўзбек аёлларига нима бўляпти?” сарлавҳали бир видео ролик эътиборимни тортди. Қизиқиб очиб кўрдим. Экранда бир-бирини куракда турмайдиган, хақоратли сўзлар билан сўкаётган, уст-бошини йиртган, шарму-ҳаё деган инсоний хислатларни унутганча уришаётган уч нафар ўзбек аёлини кўриб, ёқамни ушладим. Кейин билсам, бу сарлавҳа остидаги бир-биридан жирканчли, бир-биридан вахший видеолавҳалар жуда кўп экан. Минг афсус, надоматлар бўлсинким, бу аёлларнинг урушини тамоша қилиб турганларнинг аксарияти эркаклар эди. Негадир уларни ажратиш, тарбияга чақириш ўрнига беҳаёларча ярим-ялонғоч аёлларни тамоша қилаётган, “текин тамоша” жангини тасвирга олаётган эркаклардан нафратландим. Эссиз, эркак деган ном, эр деган шараф...  Наҳот, бу одамлар  ўзларининг ким эканини унутган?

Ахир, Аллоҳ таоло уларни аёллардан динда ҳам, фаҳм-фаросатда ҳам, куч-қувватда ҳам бир пағона устун қилиб яратганини англамайдиларми?

Ҳакимлардан бири айтади: “Тўрт нарсада шукр қилдим:

  • Аллоҳ таоло махлуқлардан минг хилини яратди, сўнг, уларнинг ичида одамни улуғ этди ва мени ҳам одам фарзандидан яратди.
  • Эркакларни хотинлардан фазилатли қилди ва мени эркак қилиб яратди.
  • Исломни динларнинг афзали этди ва мени муслмонлардан қилди.
  • Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини умматлар ичида энг афзал уммат қилди ва мени ҳам у зотнинг умматларидан қилди”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло эркакларни Пайғамбар, авлиё, солих кишилар чиқариш билан фазилатли этди. Эркак кишига юксак ишонч билдириб, уларнинг зиммасига маъсулиятни юклади. Фарзандини ва аҳли аёлини нафақаси, ота-онасининг хизмати, гувоҳликдаги устунлик, талоқ лафзи ва бунга ўхшаган шаърий масалаларда аёллардан устун қилиб қўйди ва аёлларга раҳбар қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ таоло уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир” (Нисо сураси, 34-оят).

Энди бугунги кунимизда эрлик маъсулиятини хис қилмасдан, оиласи ва фарзандлари нафақасини таъминламасдан, аёлини турли-туман, аёлларга хос бўлмаган юришига рози бўлиб, мардикорчилик учун турли жойларга юбораётганларни ким деб атаймиз? Аёлларга хос бўлган ғийбат, миш-миш, уруш-жанжал каби қабих хислатларга тўғаноқ бўлиш ўрнига гўёки бу воқеаларни ким биринчи тарқатишда мусобақа ўйнаётгандек, уялмай тасвирга олиб,  бутун дунёга тарқатаётганларини эркак дея оламизми? Ота-боболаримиз азал-азалдан эркак кишини “номус қўриқчиси” деб аташган. Чунки ҳар бир эркак ўз оиласи, маҳалла куйи, эл юрти ва миллатининг номусини, шанини, обрўсини ҳимоя қилган. Айниқса аёл-қизларни ниҳоятда авайлаган. Бирор-бир ёмон отлиқ аёлни унинг маҳалласига, қишлоғига нисбат берилишини ўзлари учун ор деб билган. Бугун эса айрим “эркаклар” бундай хунук воқеаларни яшириш ўрнига, ўзгалар кўриб қолса хижолат бўлиш ўрнига, “Ўзбек аёлларига нима бўляпти?” деган ёзув остида бутун дунёга овоза қилиши ниҳоятда аянчли воқеадир. Қолаверса, муқаддас динимизда ўзгаларни айбини яшириш, хато-камчиликларини беркитишга катта аҳамият қаратилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунё-ю охиратда беркитади” (Имом Муслим) деганлар.

Қолаверса, бировнинг обрўсини, шаънини тўкиши мутлақо ҳаром. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандасига бирор неъматни берса, ўша бандасида берган неъматини асари кўриниб туришини яхши кўради”, деганлар.

Шундай экан, Аллоҳ таоло бизга берган бу эркаклик неъматининг асари ҳар қандай холатимизда ҳам кўриниб турсин.

 

Ёрбек ИСЛОМОВ                                                                                                   Учкўприк тумани

“Шоҳ муқаддам” жоме масжиди имом ноиби

Read 9115 times

Мақолалар

Top