Мақолалар

Соғлом эътиқод сабоқлари: дуо ва сабабият қонунлари

Дуо луғатда, “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши дуо деб аталади.   

Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай баён қилганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ قَالَ: « لَيْسَ شَىْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللَّهِ تَعَالَى مِنَ الدُّعَاءِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).

Чунки дуо қилувчи ўзининг ожизлигини ва Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодирлигини эътироф этаётган бўлади.  Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Шунингдек, банда фойдали нарсаларга эришиш ва зарарли нарсалардан сақланиш учун имкониятидаги зоҳирий сабабларни яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир.

Шу маънода сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирларига алоқасини уч турга ажратиш мумкин:

  1. Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш, беодобликдир.

Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса,  мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади.

  1. Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир.

Масалан, модомики, мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккул, деган тушунчада бўлиш шариатнинг кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат, сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир.

Бу ҳақда Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “Кимки ҳаракатни (сабабларни рўёбга чиқаришни) ҳақир санаган бўлса, суннатни ҳақир санаган бўлади, кимки таваккулни ҳақир санаган бўлса, иймонни ҳақир санаган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”.

  1. Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир.

Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади.

Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб боради.

 

ТИИ ўқитувчиси

Абдулқодир АБДУР РАҲИМ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

Read 7520 times
Tagged under

Мақолалар

Top