Мақолалар

Муқаддас ҳаж зиёратини ибодат эмас, орзу-ҳавасга айлантираётганлар ҳам бор

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Турсунтоҳир Эрбўтаев билан ЎзА мухбири суҳбат уюштирди. 

– Мўмин-мусулмонлар ҳаж зиёратини Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодат, деб билишлари лозим. Ҳаж тадбирига боришга навбатга қўйиладиган номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан унга қодир бўлиши, амалларни тўғри ва тўла-тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга бўлиши, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборли бўлиши каби талабларга жавоб бериши керак. Афсуски, кейинги вақтларда ҳажга бораётганлар орасида уни ибодат деб билишдан кўра, орзу-ҳавасга айлантириб олаётганлар ҳам кўзга ташланмоқда. 

Мамлакатимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, янги масжид-мадрасалар қуриш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Динимиз арконларини эмин-эркин бажариш учун барча шароит, хусусан, Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз учун яратиб берилаётган имконият ва қулайликлар барчани беҳад мамнун этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори бу борада, айниқса, муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

Истиқлол шарофати билан халқимиз барча соҳаларда эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Хусусан, бугунги кунда Фарғона вилоятида 198 масжид фаолият кўрсатмоқда. Азиз-авлиёлар, улуғ аллома-ю фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Яқинда иш бошлаган Ислом ҳуқуқи мактабида вилоятдаги имом-хатиблар ва ноибларга Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимизнинг асарлари чуқур ўргатилмоқда.

Ҳаж ислом арконларидан биридир. Қодир бўлган кишига бу ибодатни умри давомида бир марта адо этиш фарздир. Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, юрт мустақиллиги шарофати билан ҳаж, умра зиёратига бориб-келишга ҳам йўл очилди, қулай шароитлар яратилди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли ҳожиларимиз барча қулай шароитларга эга бўлдилар. Уларни кузатиш, муқаддас жойларга борилгач, у ерда ҳам қулай истиқомат чораларини кўриш ҳамда соғ-саломат Ватанга қайтгач, уларни кутиб олиш каби хизматлар юксак даражада йўлга қўйилган.

2017 йили 7 мингдан зиёд, хусусан, Фарғона вилоятидан 1000 га яқин юртдошларимиз ҳаж амалини адо этиш шарафига муяссар бўлди. Уларнинг бу муборак сафарга эсон-омон бориб-келишлари, ибодатларни барча рукнларига риоя қилган ҳолда мукаммал адо этишлари учун барча имкониятлар муҳайё этилган. Ҳожилар учун транспорт масаласи ҳеч қандай муаммосиз ҳал этилмоқда, уларга замонавий самолётлар ажратилмоқда, махсус ишчи гуруҳи, ошпаз ва шифокорлар билан таъминланмоқда. Улар ибодат жойларига яқин шинам ва қулай меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, саломатликларини сақлаш каби ишлар ҳам намунали ташкил этиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар бу борадаги ишларни янада такомиллаштирди. Албатта, ҳаж тадбирига боришда ижтимоий адолатни таъминлаш, муносиб номзодларни саралаш энг муҳим мезонлардан биридир. Эндиликда “Ҳаж” тадбирига боришга номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ҳокими томонидан 7 кишидан иборат таркибдаги ишчи гуруҳ тузилиши белгиланди. Ишчи гуруҳ таркибига, қоидага кўра, туман бош имоми, маҳалла имоми, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, Хотин-қизлар қўмитаси ва “Нуроний” жамғармаси вакиллари киритилади. “Ҳаж” тадбирига боришга номзодлар навбатга қўйилишидан аввал махсус талаблар асосида ишчи гуруҳ суҳбатидан ўтказилади ва сараланади.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, “Ҳаж”га бормоқчи бўлган фуқаро олдин “Ҳаж”га бормаган бўлиши лозим (олдинги талабда сўнгги 5 йил инобатга олинар эди). “Умра”га бормоқчи бўлган киши сўнгги икки йил мобайнида “Умра”га ёки сўнгги 5 йил ичида “Ҳаж”га бормаган бўлиши керак.

Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизни ҳаж ибодатини адо этиб, соғ-саломат юртимизга қайтиб келишларини муваффақ айласин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4765 times

Мақолалар

Top