Мақолалар

“Сўраган эдингиз...” рукнидан: савдогарлик яхши касб эмасми?

Савол: Баъзилар савдогарлик яхши касб эмас, дейди. Биз савдогарларга бу гап оғир ботади. Динимизда савдо ишлари хусусида нималар дейилган? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

Жавоб: Ҳалол бўлган ҳар бир касб динимизда улуғланади ва ҳалол касб эгаларининг ниятлари тўғри бўлса, улуғ ажрларга эришади. Имом Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Наводирул усул фи маърифати аҳодисур Расул” асарида: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини ёмонламаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар”.

Тўғриликда барака бор. Молнинг айбини яшириб, харидор ҳақига хиёнат қилганлар икки дунёда ҳам барака топмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:“...Кимки Аллоҳга тақ­во қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур.  Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур...” (Талоқ, 2 – 3).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ростгўй тижоратчи пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир(Имом Термизий ривояти).

Бани Наморнинг синглиси Қайладан ривоят қилинади: “Мен бозорда тижорат билан шуғулланардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келганларида ҳузурига бориб, дедим: “Ё Расулуллоҳ, мен тижоратчиман, харидорларга молнинг нархидан қимматроққа савдолашаман ва ундан камайтирмайман. Баъзан эса айтган нархимдан сал тушириб, (савдолашмай) сотавераман...” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундай қилма, эй Қайла! Бирон нарса сотиб олишда қандай савдолашсанг, сотишда ҳам (ҳар бир киши билан) шундай савдолаш”, дедилар”.

Демак, савдо-сотиқ қилишда ҳалол ва ростгўй бўлиш жуда муҳимдир.

 

“Сўраган эдингиз” китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 5358 times

Мақолалар

Top