Мақолалар

Омонатдорлик – инсон зийнати

Омонат хоҳ мол, хоҳ бошқа нарса бўлсин, инсонларнинг омонат учун берилган нарсаларини ва уларнинг ҳақларига риоя қилишни ўз ичига олади. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам омонат бобида ҳам барча умматларига ўрнак эдилар.

У зот: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш», деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда омонатни ўз эгасига саломат етказишга амр қилган:

«Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз омонат қўйилган киши омонатни адо қилсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин!» (Бақара, 283).

Баъзилар сизга ишонгани ва сиз ҳақингизда яхши ўйда  бўлгани учун ўз ҳақини бериб қўяётганида гувоҳ чақирмайди, сиздан васиқа-ишонч қоғози олмайди. Бу кишининг ҳаққига риоя этишингиз ва унга хиёнат қилиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлишингиз лозим.

Агар бир киши сизга қарз берса ва у сизга ишонса, гувоҳ чақирмаса, қарзни ёзмаса бу омонатни мазкур оятдаги омонат деб билинг: «Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз» яъни агар унга молини қарз ёки шунга ўхшаш бирон нарсани омонат қўядиган бўлса, омонатдор бу омонатни ўз эгасига саломат етказсин. У қуйидаги оятда ҳам зикр қилинган:

Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир” (Нисо, 58).

Ривоятларга кўра, ушбу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба калитини Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳудан олганларида нозил этилган. Каъбанинг ҳижобати (каъба пўшини янгилаб туриш) Бани Абдуддор қўлида эди. Усмон ибн Талҳа мана шу қабиладан эди. Макка фатҳ этилганида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмондан калитни талаб қилдилар. Усмон «омонатгами» деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа» деб жавоб бердилар. Калит Расулуллоҳ қўлларига ўтгач Аббос: «Уни менга беринг. Токи сиқоят ҳам садонат (ҳожиларга сув-овқат бериш) ҳам менда бўлсин», деб уни пайғамбаримиздан ўзига беришларини сўради. Шунда Аллоҳ юқоридаги ояти каримани нозил қилди. Чунки, Расулуллоҳ алайҳиссалом калитни Бани Абдуддордан омонатга олган эдилар. Аллоҳ таоло бу омонатни эгасига қайтариб беришни буюрди. Чунки, Бани Абдуддор Каъба садонати ва ҳижобатига бошқалардан кўра ҳақлироқ эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга омонатни қайтардилар, Оят гарчи мана шу ҳодисага хос тушган бўлса-да у барча омонатга доир масалаларга умумийдир. Чунки  хусусий сабаб эмас, лафзнинг умумий экани эътиборга олинади. Ҳарҳолда инсонлар ўртасидаги нарсаларда омонатлар кўп. Бунга сир-асрорлар, молу давлат ҳам киради.

Юқорида таъкидлаганимиздек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам омонат бобида барча умматларига ўрнак эдилар. Омонатни яхши сақлаб ўз эгасига саломат топшириш хусусида жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларидан бошлаб барчага намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин” яъни, “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар. Ул зоти бобаракот ёшлик даврларидан бошлаб ишончли, вафо, омонат ва масъулиятни чуқур ҳис этадиган бўлиб камолга етишдилар. Омонатга хиёнат қилмасдан, уни чиройли адо этишнинг уддасидан чиқиш бу – жуда улуғ фазилат. Омонатдор бўлиш, кишиларнинг ишончини оқлаш нақадар қийин иш бўлганидан, унга бериладиган ажру савобларга молик бўлиш ҳам шунча қийин, албатта. Чунки омонатдорлик инсон ҳаётининг барча соҳаларида мавжуд. Аввало, ҳар бир инсон билан Ҳақ таоло ва Пайғамбари ўртасидаги омонат, иккинчидан ўзи билан аҳлу аёли, қавму қариндошлари барча бандаларнинг бир-биридаги омонатга хиёнат қилмасликдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида шундай хабар берган:

 “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол, 27).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки;

 “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг имони, аҳдига вафосизнинг эса дини йўқдир”.

Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмоқчиларки, имон ҳам мўмин кишига берилган бир омонат нарса. Уни шайтонга бой бермаган ҳолда, авайлаб сақлаш керак. Топширилган омонатларни турли офатлардан сақлай олмайдиган киши ўз имонини ҳам, албатта, сақлай олмайди. Аҳду паймонига вафо қилмайдиган, ёлғончи, алдамчи кишиларда дин ҳам қарор топмайди, демоқчилар. Омонатларни яхши сақлай олмасликдан барча жиноят ва кўнгилсизликлар келиб чиқади. Инсонлар бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқларни яхши билмасликлари ёки билсалар ҳам унга тўла риоя қилмасликларидан муросасизлик, уруш-жанжал ва мушкул муаммолар вужудга келади.

Масалан, бировнинг шаънига айтилган нотўғри сўз. Унинг ҳақлигини билиб туриб, бирор дунёвий ғараз билан, унинг зиддига нотўғри гувоҳлик бериш, унинг шаънига ботил бўҳтонлар тўқишлик –  айни хиёнат ҳисобланади.

Давлат томонидан ўзига ишониб топшириб қўйилган корхона ёки ташкилотлардаги хизматларни олсак. Шахсий манфаат ва меҳнатсиз даромад орттириш мақсадида баъзи раҳбар ҳамда ишчи ва хизматчилар ўз мансабларидан ёки қўлларидаги халқ бойлигидан нотўғри фойдаланиб, кўр-кўрона суиистеъмолга ўтадилар. Буларнинг ҳаммаси ҳам масъулиятига ва зиммасидаги омонатга хиёнат қилиш демакдир. Шунинг учун ҳам ҳақчил ҳукуматимиз, айниқса кейинги пайтларда меҳнатсиз даромад қилиш, порахўрлик, масъулиятсизлик каби ижтимоий иллатларга қарши чора-тадбирларни кучайтирмоқда. Зеро, динимиз таълимотида ботил йўллар билан бойлик орттириш қатъий манъ қилинганидек, фақат ўзининг манфаатини кўзлаб, ўзгаларни унутиш, балки уларнинг ҳисобига яшаш ҳам қаттиқ қораланади. Инсон ҳалол меҳнат, пешона тери билан касбу камолот орқасидан, ҳар ким ўз имкониятига яраша ишлаб топган ҳалол ризқу рўзига қаноат қилиб, яшаб борса, айни муддао бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

 “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун, 8).

Зиёуддин Аймуҳаммедов,

Оқ олтин туманидаги «Ҳожи Шайхуддин хўжа» жомеъ масжиди имом-хатиби 

Read 5918 times
Tagged under

Мақолалар

Top