Мақолалар

Амалнинг озлиги-ю, умиднинг катталиги – кулфат

Баъзи кимсаларда умидворлик ҳисси ўта кучли бўлиб, уларнинг ушбу умидворлиги амалларга бепарволик қилишига сабабчи бўлади. Улар диннинг асл мақсадини тўғри фаҳмламаслик, илм ўрганмаслик оқибатида фақат кичик ва бажарилиши ўта осон бўлган амалларни қилиб, шунинг эвазига энг катта нарсаларни орзу қилади. Амал ва  тақво ҳақида айтилса, “Кимнинг қаерга лойиқ бўлиши Аллоҳдан бошқага маълум эмас. Амалимиз кичик бўлгани билан умидворлигимиз каттадир”, дейишади.

Аллоҳ таоло – бандаларига фазли улуғ Зот. Бунга шубҳа йўқ. Амалга эмас, Аллоҳ фазлига суяниш ҳам бандаликнинг асли экани шубҳасиз. Лекин фазлга суяниб, амалларни тарк қилиш ҳам нотўғри фаҳм ва ақли қосирликдир.

Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

“Баъзилар мендан сўрашади:

Бизлар мусулмонмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг “Кимки лаа илааҳа иллаллоҳ, деса жаннатга киради”[1], деб айтган сўзлари тасдиғига кўра, борадиган жойимиз жаннат бўлмайдими?!

Мен ушбу сўровчи кимсанинг амали ва орзуси орасидаги масофани чамалаб кўриб, бу масофанинг нақадар узоқдан узоқ эканини кўрдим.

Кўрдим-ки, бу кимса Ислом динидан фақат ўз танбаллиги ва дангасалигига ёрдам бўладиган нарсанигина ёдлаб олган экан, холос.

Бу гўёки ночор ва  муҳтож, зеҳнида Қуръони карим оятларининг биргина “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур…” (Анъом сураси, 160-оят) оятидан бошқа биронтаси ҳам жойлашмаган кимса кабидир-ки, ушбу кимса ўзи учун кифоя бўлгувчи маълумотларга эга бўлиш  ва мол-дунё жам қилиш учунгина ушбу оятни ўқийди.

Мен унга шундай дедим: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан фақат ушбу ҳадиснигина биласанми, албатта, у зот алайҳиссалом сен айтган ҳадиснинг ёнгинасида “Ёлғончи жаннатга кирмайди”[2], деб ҳам айтганлар.

Яна: “Сила-и раҳмни узувчи жаннатга кирмайди”, деб айтганлар.

Ва яна: “Жаннатга қалбида мисқол зарра миқдорида кибр бўлган кимса киролмайди”[3], деб айтганлар.

Ва яна: “Ким бизга хиёнат қилса, биздан эмас”[4], деб айтганлар.

Ва яна: “(Мусибат чоғида) Ёқа йиртадиган, кўксини тирнайдиган ва жоҳилият даъвосини қиладиганлар биздан эмас”[5], деб айтганлар.

Ва яна: “Бирон бир аёлни ўз эридан совутиб бузадиган биздан эмас”[6], деб айтганлар.

Ва яна: “Катталаримизни улуғламайдиган, кичикларимизга раҳм қилмайдиган ва уламоларимиз ҳаққини билмайдиганлар биздан эмас”[7], деб айтганлар.

Сен ушбу суннатларнинг барчасини унутиб қўйдинг-ми? Зотан, бу ҳадислар сенинг зиммангга вожиботларни юклайди-да!  Ўзингга фақат жаннатга киришинг ҳақидаги ҳадисни лозим тутиб олибсан-ку! Сен жаннатни унга лойиқ бирорта ҳам амал қилмай, пулини тўламай,  харид қилмоқчимисан?!

Инсонларнинг мана шу тоифаси хатолари боис заиф ҳиссиётли бўлиб, кичик ва осон бўлган бирон амали сабабли барча гуноҳларини кечирилишини таманно қиладилар.

Албатта, ақлли инсонлар Аллоҳ таоло уларни гуноҳларини кечиришини марҳамат қилганида Унга  ижобат қиладиган тоифадирлар.

“…Ҳижрат қилганлар, диёрларидан чиқарилганлар, Менинг йўлимда азият чекканлар, жанг қилганлар ва қатл бўлганларнинг ёмонликларини ўчираман, ҳамда уларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритаман” (Оли Имрон сураси, 195-оят).

Аммо аҳмоқлар тоифаси ўзларининг катта хатоларини ўчириш, тозалаш, ўз нафсларини муҳосаба қилиш, уни доимо тергаб, текшириб туриш, узоқ вақт ва  қийин машаққатлар ила муолажа қилиш ўрнига, гуноҳларини ўз ўзидан ўчиб кетиши ва кечирилиши орзусига чўмиб ўтираверади.

Кўплаб ўқиганларимдан шуни билдим-ки, албатта бу ерда оммага  зоҳирида мағфират кўриниб турган, енгилгина адо қилиш мумкин бўлган, таҳорат сувлари ила гуноҳларни ўчирилиб кетиши каби амални ўзига эътимод қилишга алданиб қолиш бор. Сенинг фаҳмингга ҳам ана шунақа зоҳиран енгил бўлган амаллар изтироби тушиб, алданиб қолма.

Аниқ билгин-ки, албатта Аллоҳ азза ва жалла аниқ савобни таҳорат каби амалларнинг ўзигагина  эмас, амал қилувчи уни чуқур иймон, сидқи ихлос ва гўзал ишончдан бўлган амаллари ҳамроҳлигида қилсагина ато қилади. Ушбу амаллар соҳибини Аллоҳ таборака ва таоло йўлида ўз нафси ва нафислигини сарф қилишга лойиқ қилиб қўяди.

Албатта, дин – ҳуқуқ ва вожиботлардир. Дунё ҳам шундай ҳуқуқ ва вожиботлардан иборат. Икки тараф орасидаги ҳар бир эзгу ақд муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз ичига олади.

Сен зиммангга вожиб бўлган амалларни адо қил.  Елкангдаги масъулият оғирлигини ҳис қил. Ундан қочишга жой қидирма. Қачонки, сенинг зиммангга юклатилган нарсаларни адо қиладиган бўлсанг,  ҳаққингни кут ёки тўлиқ талаб қил. Ана унда бирон киши ҳам сени айбдор қилолмайди.

Аммо дунёда  ҳақсиз бўла туриб, фақат “Зиёда қилувчи борми?” шиори билан яшаш  ҳақиқий кулфатдир.

Бундай маслакка эса на дунё ва на дин салоҳияли бўлади”.

Ҳа, шундай. Баъзиларимизда Аллоҳ фазлидан умидворлик ўта кучли бўлиб, амалларга бепарвомиз. Намозларимизнинг вақтига риоя қилмаймиз. Рукуъ саждаларини тўлиқ қилишга эътибор қаратмаймиз. Закот, рўза, ҳаж ва бошқа заруриётлар масъулиятини тўлиқ ҳис этмаймиз. Комил бандалик фақат умидворликдан эмас, Аллоҳ таолонинг амр-у наҳйларига тўлиқ бўйсунишдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга комил эргашишдан иборатдир.

Аллоҳ фазлидан умидворлик билан дангасалик, ялқовликни аралаштириб юборамиз. Роббимиз азза ва жалла биронта оятида амални тарк қилиб умидворликни ўзини лозим тутишга буюрмаган. Намозни ўқишга эмас, қоим қилишга бўлган амри бунинг тасдиғидир. Зотан, намозни ўқиш билан қоим қилишнинг фарқи бор. Руҳсиз, шошилиб, бир амаллаб охирги вақтларида ёки доимий қазоларга мубтало ҳолатда ўқиб, сўнгра мана шу сабабли Аллоҳ мағфирати ва раҳматига муносибликни орзу қилиш билан, Кимнинг ҳузурида турганини ҳис қилиб, намознинг рукуъ ва саждаларини шошмасдан бажариб, намозларни ўз вақтида қазо қилмасдан, иложи борича жамоат билан адо қилиш ва Аллоҳ мағфирати ва раҳматидан умидвор бўлишнинг осмон билан ерча фарқи бор!

Ҳа, бир нарсани эътибордан қочирмайлик. Амалга эмас, Аллоҳ фазлига суяниш лозим дегани, амалга бепарво бўл ёки энг кичик ва енгил амалларни қилиш сенга кифоя дегани эмас. Аллоҳ таоло – фазли улуғ Зот. Ўша фазлнинг белгиларидан бири Ҳақ азза ва жалланинг амр-у наҳйларига ўта эътиборли бўлиб, бақадри имкон комиллик ила адо қилиш бўлади.

Муқтадолар саййиди бўлмиш зот, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло у зотнинг аввалги-ю кейинги гуноҳларини кечирганини билар эдилар. Лекин у зот Аллоҳ таолонинг ушбу буюк фазлини қандай қабул қилдилар?! Кўп намоз ўқийверганларидан оёқлари шишиб кетар, бетоблик ҳолатида ҳам масжидга, жамоат намозига чиқар, бу ҳақида сўралса “Шукр қилувчи банда бўлмайинми!”  деб жавоб берар эдилар.

Ашараи мубашшара – ўнта жаннат башорати берилган саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг бирортаси ҳам уларга берилган буюк хушхабардан сўнг ибодатда сусткашликка асло йўқ қўймаган. Аксинча, ибодатга янада ҳарис бўлган, янада кўпроқ кўз ёш тўккан.

Мужаддиду алфис соний, имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий қуддиса сирруҳ айтадилар: “Саодатли киши доимо Қуръони мажид ва суннати мутоҳҳаррага тобе ҳолатда умр кечиради. Фарзлардан биронтасини эмас, суннатлардан биронтасини ҳам қўлдан бой беришга асло рози бўлмайди. Намозни таъдили арконларига риоя қилган ҳолатда адо қилиш, беш вақт намозни бақадри имкон жамоат билан адо этишга одатланиш лозим. Суннати санийяга кучли эътибор кўрсатиш, бунга асло бепарво бўлмаслик керак”.

Буюк тасаввуф алломаси бўлмиш ушбу зотнинг Аллоҳ фазлига бўлган тавсиясини кўрайлик. У зот ҳам ибодатларга ҳарислик ва суннатларга тобеликка чақирмоқдалар.

Хулоса шуки: бандаи мўмин доимо ўзига буюрилган ибодатларга кучли эҳтимом кўрсатиб, комилроқ амал қилишга жидду жаҳд қилиши, шунинг билан бирга, ушбу амалнинг ўзига суяниб қолмасдан, Аллоҳ таоло фазлидан умидвор бўлиши лозим.

Аллоҳ фазлидан умидвор бўлиш эса амалларни тарк қилиш, бепарволик, ялқовлик, дангасаликка сабабчи бўлмаслиги, аксинча, улуғ зотлардан ўрнак олиб, ҳар доим шариат аҳкомларига имкон қадар комилроқ амал қилишга ундаши мақсадга мувофиқ бўлади.

Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий қуддиса сирруҳнинг “Мактубот”, Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг
“Жаддид ҳайаатак” китоблари асосида Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ тайёрлади.

 

[1]  Ҳоким ривояти. Мунзирий айтади: “Аҳли илм устунларидан бўлмиш бир тоифа   “Кимки: Ла илаҳа иллаллоҳ, деса жаннатга киради, ёки Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади, каби, ёки шунга ўхшаш ҳадислар  Ислом аввалида айтилган эди.  Зотан, у вақтдаги даъват тавҳид иқрорининг ўзигагина бўлар эди”, дейишган.  “Ат-тарғиб ва-т-тарҳиб” (2202).

[2]  Бухорий ривояти.

[3]  Бухорий ривояти.

[4]  Муслим ривояти.

[5]  Муслим ривояти.

[6]  Муттафақун алайҳ.

[7]  Абу Довуд ва Насоий ривояти.

 

Read 4110 times

Мақолалар

Top