Мақолалар

Барча севги бир юракда

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Али каррамуллоҳу важҳаҳудан:

– Эй Али, Аллоҳни яхши кўрасанми? – деб сўрадилар.

– Албатта, ё Расулуллоҳ! – жавоб бердилар ҳазрати Али.

– Мени ҳам яхши кўрасанми?

– Ҳа, албатта.

– Хўп, аёлингни-чи?

– Уни ҳам яхши кўраман.

– Фарзандларингни-чи?

– Уларни ҳам.

– Бу севгиларнинг ҳаммасини битта юракка қандай сиғдирасан?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу кутилмаган саволи қаршисида ҳазрат Али нима дейишни билмай қолдилар. "Буни ўйлаб кўришим керак", дея у ердан кетдилар.

Ўйчан ҳолда уйга кириб келган ҳазрат Алини Фотима онамиз розияллоҳу анҳо кутиб олдилар. Ҳолатлари сабабини сўрадилар: "Нега ўйчансиз? Агар ташвишингиз ўткинчи дунё ғами учун бўлса, қўйинг, бу изтироб чекишингизга арзимайди. Аммо қайғунгиз раҳмоний бўлса, менга ҳам тушунтиринг, биргаликда ечим излайлик".

Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни аёлларига гапириб бердилар. Фотима онамиз розияллоҳу анҳо вазиятни англагач, табассум қилиб:

– Отамга бориб айтинг:

Аллоҳни ақл ва руҳим билан;

Пайғамбарни қалбим билан;

Аёлимни нафсим билан;

Фарзандларимни шафқатим билан севаман, – деб айтинг, дедилар.

Ҳазрат Алидан розияллоҳу анҳу бу жавобни эшитган Пайғамбаримиз хурсанд бўлдилар ва: "Эй Али, сен олиб келган гул нубувват боғидандир", дея жавобнинг асл эгасини билганларини маълум қилдилар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5819 times

Мақолалар

Top