Мақолалар

Бир дақиқа...

Бир дақиқа ичида «Субҳоналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» калимасини 18 марта айтиш мумкин. Абу Ҳурайра (розияллоҳу  анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Субҳоналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дейишим мен учун қуёш чиқиб, нур сочганидан яхшироқдир, дедилар» (Имом Муслим ривояти). Бу охиратда тарозини босадиган Аллоҳ суйган калималардандир.

Бир дақиқада «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни 100 марта айтиш мумкин.  Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда буни айтган кишининг гуноҳлари денгиз кўпигичалик бўлса-да, кечириб юборилиши айтилади.

Бир дақиқада «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ»ни 40 мартадан кўпроқ айтиш мумкин. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга:
Жаннат хазиналаридан бирини сенга айтайми? – дедилар. Мен:
 Ҳа, айтинг, Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! – дедим. Шунда у зот: (Сен) “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ»ни айт, у жаннат хазиналаридандир, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зикрларнинг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ”дир, дедилар» (Имом Термизий ривояти). Бир дақиқада бу калимани 50 мартагача айтиш мумкин.

Бир дақиқада «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи»ни 15 мартадан кўпроқ айтиш мумкин.

Жувайрия (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эрталаб субҳ намози пайтида унинг ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия (розияллоҳу анҳо) ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?” деб сўрадилар. Онамиз (розияллоҳу анҳо): “Ҳа”, дея жавоб берди. Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади. Улар: "Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидада калиматиҳи", дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бир дақиқада 50 маротабага яқин салавот айтиш мумкин. Ҳар бир салавот келтиришда 500 савоб мавжуд. Кўп салавот айтиш орқали Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шафоатларига ноил бўлиш мумкин. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: Ким менга салавот айтса, фаришталар унга ҳам менга айт­ган салавотининг баробарида салавот айтиб турадилар. Банда салавотни хоҳласа, оз айт­син, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим».

Бошқа бир ҳадисда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади ва ўнта хатосини ўчиради”, дедилар».

Бир дақиқа ичида «Астағфируллоҳ»ни 100 мартадан ортиқ айтса бўлади.
Умримизнинг ҳар бир дақиқаси қадрли. Дақиқаларнигина эмас, сонияларни ҳам ўз фойдамизга ҳал этишнинг жуда осон йўли чин ихлосдадир.  

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Read 5241 times

Мақолалар

Top