Мақолалар

Имом-хатиб: тўйларда исрофга йўл қўймайлик

Борини эл-юрт билан баҳам кўрадиган халқимиз ўзининг тўйлари билан машҳур. Нуронийларимиз ҳам дуларида “Топганинг тўйларга буюрсин, илоҳо” дейишади. Азал-азалдан шаклланиб келган, тўйларимиз билан боғлиқ чиройли урф-одатларимиз, эзгу-қадрият даражасида кўтарилган. Сабаби, уларга ўзбек халқининг бой маънавий мероси, маданияти акс этган. 

Аммо, кейинги пайтларда дабдабабозлик, манманлик, ким ўзарга тўй қилиш, катта исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ортиқча иллатлар, турли одамлар томонидан ўйлаб топилиб, жорий этилаётган қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган янгича урф-одатлар авж олаётгани кишининг дилини хира қилади. 

Бу жиддий масалани Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижод аҳли билан учрашганларида шахсан тилга олиб ўтдилар. Беҳуда одатлардан воз кечган ҳолатда, аввало, юртдошларимизнинг соғлигини, моддий ва маънавий дунёсини асрашга қаратилган сўзларни таъкидлаб ўтдилар. 

Тўй қилаётган оилаларга қийин бўлмаслиги учун “Янги пайдо бўлган урф-одатларни” бажараман дея мутлақо ўзини оқламайдиган ортиқча сарф харажатларга қилиб, қарзга ботиб, соғлигини йўқотиб қолаётган ҳамюртларимизни ўйлаб, бундай кўнгилсизликларни олдини олиш тўғрисида куйиниб гапирдилар. 

Дарҳақиқат, муқаддас динимиз ҳам айни шундай авж олаётган исрофгарчилик ва бидъатларга доимо қаршидир. 

Қуръони каримда: “Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди (Исро сураси, 27-оят). 

Довуд ва Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас”, дедилар. 

Бир хонадонда туғилиб ўсган, бўйи етган, тарбия кўрган қиз йигитнинг уйига бир умрга келин бўлиб, оила аъзоси бўлиб тушишга рози бўлиши ўша хонадон учун йигитнинг уйи учун шарафдир. Никоҳ тўйи мана шунга рози бўлиб келган келиннинг шарафига қилиб берилади. Бундай шароитга кўниб келин бўладиган қиз учун қанча сарф-харажат қилсак ҳам оз, албатта. Агарда дабдабали тўйлар учун қиладиган сарф-харажатларимизни ихчамлаштириб, барпо этилаётган ёш оиланинг келажаги учун сарфлаб, ушбу ёш оилага кейинги ҳаётига ёрдам берсак нур устига, аъло нур бўлар эди. 

 

Олим ОРИПОВ

Бухоро вилояти Шофиркон тумани

  “Искогаре” жоме масжиди имом-хатиби 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4782 times

Мақолалар

Top